24 январь куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди Наманган ИИО ФМБ 2-сонли ИИБнинг собиқ профилактика инспекториСардорбек Отабоевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди интерактив хизматлар порталида маълумот берилди.

Ишга оид материалларга кўра, ИИБнинг собиқ ходими Ўзбекистон Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбланмоқда:

  • 168-модда 3-қисми «б» ва «в» бандлари (фирибгарлик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланиб);
  • 205-модда 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
  • 206-модда 1- қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
  • 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги);
  • 209-модда 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлиги такроран ёки хавфли рецидивист томонидан);
  • 238-модда 2-қисми (суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов ёхуд ишни судда кўриш чоғида ёлғон кўрсатувлар бериш учун гувоҳни ёки жабрланувчини ёки ёлғон хулоса бериш учун экспертни ёхуд нотўғри таржима қилиш учун таржимонни пора эвазига оғдириб олиш, худди шунингдек уларга ёки уларнинг яқин қариндошларига руҳий, психологик, жисмоний таъсир кўрсатиш ёки бошқача тарзда таъсир кўрсатиш орқали ёлғон кўрсатув беришга мажбур қилиш);
  • 230/1-модда 1-қисми (далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш)).

Иш бўйича жабрланувчи сифатида Абдулазиз Аббосов кўрсатилган. Суд судья Бахтиёр Таваккалов раислиги остида ўтказилмоқда.

Kun.uz маълумотларига кўра, судланувчи жараён ОАВ вакиллари ва блогерлар томонидан тўлиқ видеотасвирга олиб борилишини сўраб, суд раисига илтимоснома киритган. Прокурор эса иш ИИВга алоқадорлиги, унда соҳага оид давлат сирлари кўрилиши мумкинлиги важи билан ушбу илтимосномани рад этишни сўраган. Суд маслаҳатлашувдан сўнг жараённи видеотасвирга олишга рухсат берган, фақат судга таъсир ўтказилишининг олдини олиш мақсадида ҳукм эълон қилинмагунча ушбу видеотасвирларни тарқатишни тақиқлаган.

Сардорбек Отабоев мажлисда унга нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этган.

Собиқ профилактика инспектори иши

12 ноябрь куни Facebook ижтимоий тармоғида Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли профилактика инспектори Сардорбек Отабоев ИИБдаги ҳолатлар юзасидан ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаат йўллади.

Мурожаатда айтилишича, «Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ раҳбари майор Азиз Сатторов қўл остидаги профилактика инспекторларига ҳар куни 5 тадан маъмурий баённома тузиш, бир йилда 2 та маъмурий назорат ўрнатиш каби талабларни режа қилиб белгилаб берган». «ҲПБ (Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси — таҳр.) бошлиғи подполковник Иномов Бобурга 50 АҚШ доллари берилса, режа бажарилган деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, кадрлар бўлими бошлиғи майор Абдулазиз Умурзақов доимий равишда ноқонуний тарзда хуфёна хизмат текширувларини ўтказиб келади», — дейилади мурожаатда.

Видеомурожаатдан тўрт кун ўтиб Сардорбек Отабоев бошқа фуқаролар номига берилган кредитларни ўзлаштиришда айбланиб ҳибсга олинди. Наманган вилояти ИИБ гумонланувчи «масъулиятдан қочиш» мақсадида мурожаат қилганини таъкидлади.

Бош прокуратура Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) бўйича жиноят иши қўзғатилгани, гумонланувчи турли баҳоналар билан терговга келишдан бош тортиб, яширинганлиги сабабли, унга нисбатан сиртдан айблов эълон қилингани маълум қилди. 13 ноябрь куни суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган.