Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институти ва Фарғона давлат университетида талабаларга берилаётган назорат тест саволларидаги камчилик ва муаммолар акс этган суратлар тарқалди. Ушбу ҳолатга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муносабат билдирди.

Troll.uz Telegram-каналининг ёзишича, Андижон давлат тиббиёт институтида талабаларга мантиқсиз ва аксариятдаги тўғри жавоблар мавжуд бўлмаган саволлар берилган.

Фото: Troll.uz.

Суратда «Фозил одамлар шаҳри» китоби муаллифи ким деган савол берилган ва унга тўғри жавоб сифатида Фиръавн кўрсатилган. Аслида тўғри жавоб Абу Наср Форобий, бироқ жавоблар орасида бундай вариант мавжуд эмас. Бошқа бир саволда эса ижро ҳокимияти сифатида суд кўрсатилган. Тўғри жавоб эса — Вазирлар Маҳкамаси.

Яна бирида «Қайси давлатда кикбоксинг коррупциянинг энг кенг тарқалган тури ҳисобланади?» деган саволни ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари, Troll.uz каналида эълон қилинган бошқа бир ҳолатда шу каби хатоликлар Фарғона давлат университетида ҳам йўл қўйилгани қайд этилган.


Фото: Troll.uz.

Ушбу суратда савол қуйидагича ёзилган: «Германия-3, Россия-44, Польша-84, Франция-87, Америка-96 ўринда, 1-ўриндачи?» Қайси кўрсаткич ёки айнан нима йўналишда сўралаётганига аниқлик киритилмаган. Жавоблар қаторида эса Водород, Хитой, Эверест ва Бурж Ҳалифа қайд этилган.

«Газета.uz» мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида АДТИ ва ФарДУ матбуот котиблари билан боғланди.

АДТИ матбуот котиби Ойдина Хусаинова ҳозирги пайтда бу вазиятга расмий муносабат тайёрланаётганини маълум қилди. Кечга яқин эса институт расмий каналида ушбу саволлар даволаш факультетининг 1-босқич талабаларига Инсон хуқуқлари модули фанидан тушгани қайд этилди.

«Талабалар учун тузилган тестлар масъул фан ўқитувчиси томонидан таҳрирланмаган. Тест олиш жараёни яқинлашиб қолганлиги сабабли тестлар таҳрирланмаган вариантда талабаларга тақдим қилинган. Тест жараёнида саволлар яна қайта кўриб чиқилиб, хатоликлари тўғриланган ва яна талабаларга тақдим қилинган», — дейилади хабарда.

Ҳолат ижтимоий гуманитар кафедраси мудири томонидан ўрганилиб, «бундай вазият яна қайтарилмаслиги учун тегишли чора-тадбирлар кўриб чиқилган». Институт маъмурияти талабалардан узр сўради.

ФарДУ эса ушбу хабарларнинг фейк эканлигига ишонтирмоқда. «Ҳозирги кунда Фарғона давлат университети ўқув жараёни барча йўналишларда HEMIS платформаси орқали амалга оширилмоқда, ушбу тарқалаётган маълумотлар Фарғона давлат университетига тегишли эмас», — дейилади хабарда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирда кўплаб ОТМларда қишки семестрни якунлашга мўлжалланган имтиҳон жараёнлари онлайн тарзда бўлиб ўтмоқда.

«Мазкур жараёнда айрим ОТМнинг назорат топшириқлардаги саволларда уларни тузишдаги хато ва камчиликлар (саволларга аниқлик етишмаслиги, жавобларда тўғри жавобга яқин вариантлар сараланмагани, рус тилидаги саволда жавоб вариантлар лотин ёзувида ҳам берилгани ва бошқалар)га йўл қўйилганлиги кўрсатилган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ОТМнинг назорат ишлари учун тайёрланган саволларни тузишдаги мазкур ҳолатларни масъулиятсизлик сифатида баҳолайди», — дейилади изоҳда.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ушбу ҳолатлар устидан вазирлик назорати кучайтирилган.