Қозоғистонда электр тармоқларини бошқариш бўйича масъул оператор KEGOC Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари, Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятлари ва бутун Қирғизистонни қамраб олган Марказий Осиё ягона электр тизимидаги ўчиш сабаблари тўлиқ тафсилотларини эълон қилди.

Оператор маълумотларига кўра, 25 январь куни Нур-Султон вақти билан 11:59 (Тошкент вақти билан 10:59)да «Ўзбекистонда юз берган қисқа туташув туфайли Сирдарё ИЭСида 6та энергоблокда ўчиш рўй берган ва буни оқибатида йўқотилган қувват жами 1500 МВтни ташкил қилган».

«Ўзбекистон энергетика тизимида юзага келган электр қуввати дефицити Ўзбекистон ва Қирғизистон энергия тизимлари билан параллел ишлашга уланган Қозоғистон энергетика тизимидан санкцияланмаган қувват олинишига олиб келган. Натижада, 500 кВт кучланишли „Шимол — Шарқ — Қозоғистон Жануби“ транзитида қувват кучланиши рўй берган ва ундан кейин ортиқча юкланиш содир бўлган», — дейилади хабарда.

Энергетика ускуналарига зарар етишига йўл қўймаслик ва мамлакатнинг жанубий вилоятларини электр қувватидан тўлиқ ўчиб қолишдан ҳимоялаш мақсадида, автоматик тизим транзитни узади ва Олма-Ота, Жамбил, Туркистон ва Қизил ўрда вилоятларини алоҳида ишлашга ажратади. KEGOCда таъкидлашларича, аварияга қарши автоматик тизим ишга тушиши туфайли Қозоғистоннинг барча жанубий вилоятларидаги электр станциялари ўз фаолиятини тўхтатмади ва истеъмолчиларни умумий қуввати 1500 МВт га тенг электр ва иссиқлик таъминоти билан таъминлаш ишларини давом эттирди.

«Бу билан Қозоғистон жанубий ҳудудининг тўлиқ узилишининг олди олинди. 500 кВт кучланишли „Шимол — Шарқ — Қозоғистон Жануби“ транзити бўйича қувват узатиш йўқлиги туфайли мажбурий чекловлар тахминан 1800 МВтни ташкил этди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга «Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари электр станциялари билан тўлиқ ўчди, истеъмолчилар электрдан узиб қўйилди». KEGOC маълумотларига кўра, Ўзбекистон энергетика тизимида ўчирилган қувват тахминан 9600 МВт (100% истеъмол)ни, Қирғизистонда — 2600 МВтга яқинни (100% истеъмолни) ташкил қилди.

Қайта тикланиш доирасида Қозоғистон энергетика тизими Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимларига ушбу мамлакатлар электр станцияларига қувватни узатиш орқали ёрдам кўрсатди. Бу уларга қайта тикланиш тадбирларини бошлашда ёрдам берди, дея таъкидлаган компания.

«Шуни таъкидлаш жоизки, юз берган авария рақамли майнинг билан шуғулланувчи истеъмолчилар фаолияти билан боғлиқ эмас», — дея қайд этмоқда KEGOC. Шу билан бирга электр энергияси дефицити шароитида Қозоғистонда амалдаги қонунчиликка биноан майнинг дата-марказларига режали асосда электр энергиясини етказиб бериш ишлари қисқартирилган.

KEGOC маълумотнома ўрнида қуйидагиларни келтирган: «Қозоғистон Республикасининг ягона энергетика тизими тизимлараро электр узатиш линиялари орқали уланган ва ягона технологик режим билан бирлаштирилган МДҲ мамлакатлари ва бошқа мамлакатларнинг энергия уюшмасида параллел равишда ишлайди. Ҳар бир давлат учун бу жуда катта иқтисодий фойда келтиради. Параллел фаолият қўшни давлатларда ортиқча электр энергиясини сотиш ёки сотиб олиш имконини беради ва бу барча тизимларга иқтисодий наф келтиради».

«Чегарадош энергия тизимларининг параллел ишлаши тармоқ инфратузилмасини, ишлаб чиқариш захираларини қуриш ва уларга техник хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартириш имконини беради, чунки параллел ишлайдиган энергия тизимлари уларнинг электр энергиясини узатиш, захира ишлаб чиқариш қувватларини қўшнилар ҳисобидан қисман қоплайди», — дея таъкидлайди компания.

Эслатиб ўтамиз, 25 январ куни KEGOC бошқаруви раиси ўринбосари Бакитхан Жазикбаев «Настоящее время»га берган интервьюсида Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда авария юз бергани, буни оқибатида станциянинг 4та энергоблоки ишдан чиққанини айтган эди. Бу Қозоғистон энергетика тизимидаги кучланишнинг ошишига олиб келди.

26 январ куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бошқармаси бошлиғи Абдумалик Назиров Сирдарё ИЭСда носозлик юз берганини тасдиқлади: «1600 МВтлик катта қувват йўқотилди (ИЭСнинг умумий қуввати 3200 МВт — таҳр.). Аварияга қарши ҳимоянинг [ишга тушиб кетиши] натижасида бутун республика бўйлаб ишлаб чиқариш объектлари тизимдан узиб қўйилди.

Пайшанба куни қозоғистонлик электроэнергетика бўйича эксперт Петр Своик «Газета.uz»га берган интервьюсида авария Сирдарё ИЭСда содир бўлгани ҳақида гапирган эди. У, шунингдек, минтақа энергия ҳалқаси қандай таркиб топгани ва инқироз яна такрорланиши мумкин ёки йўқлиги борасида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги жума куни бош вазир раислигидаги ҳукумат комиссияси юз берган ҳодиса сабабларини ўрганишда давом этаётганини хабар қилди. «Комиссия иши натижаларига кўра, маълумотлар расман эълон қилинади», — дейилади хабарда.