Бугун, 28 январь куни соат тахминан 12:00 ларда ёш аёл бошқаларнинг кўз ўнгида кичкина қизалоқни айиқлар панжарасига ташлади, деб хабар берди Тошкент ҳайвонот боғи матбуот хизмати.

Аёлнинг мақсади номаълум, дейилади хабарда.

«Зузу лақабли Кавказ қўнғир айиғи ўз вольерида ётиб олиб, қизалоқни металл тўсиқдан устидан отиб юборган аёл ҳаракатларини кузатди. Меҳмонларимиз ва ходимларимизнинг уринишларига қарамасдан, аёлни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади, у болани йиртқичнинг вольерига отиб юборишга эришди», — дейилади ҳайвонот боғи хабарида.

«Зузу айиғимиз секингина зовурга тушиб, қизалоқни ҳидлаб кўрди ва ундан узоқлашди. „Йиртқичлар“ бўлими ходимлари тез ҳаракат қилишди ва айиқни ички хонага чақиришни бошлашди, айиқ ҳам қаршилик кўрсатмасдан хонага кирди», — дея қайд этилди ҳайвонот боғидан.

Бола вольердан олиб чиқилди ва ҳайвонот боғининг ҳамшираси томонидан кўрикдан ўтказилди. Қизалоқ йиртқич тишлари ва панжаларидан эмас, фақат қарийб 5 метр баландликдан йиқилиш туфайли жароҳат олган. Дастлабки кўрикда урилишлардан ташқари кўзга кўринарли жиддий шикастлар аниқланмади.

«Бу ҳодиса айиғимиз Зузу инсонларга нисбатан дарғазаб бўлмаган, вазмин йиртқич эканлигини яққол намоён этди. Ходимларимизнинг тутқиндаги йиртқич билан тўғри муносабатда бўлганликлари, уларнинг айиққа бўлган меҳрибон ва эҳтиёткорона муносабати натижасини алоҳида таъкидлаб ўтишни ҳам истардик. Айиқ билан ишлашда ходимларимиз қўполликка йўл қўйишмайди, доим мазали егуликлар билан сийлашга ҳаракат қилишади ва унинг ҳатти-ҳаракатларини осонгина бошқара олишади, ҳатто бугунгидек фавқулодда ҳолларда ҳам», — дея таъкидлади ҳайвонот боғи маъмурияти.

Зузу 2017 йилда Тошкент ҳайвонот боғига Баку ҳайвонот боғидан олиб келинган ва шу заҳотиёқ ўзининг очиқлиги, ўйинқароқлиги ва одамларни яхши кўриши каби жиҳатлари туфайли бутун жамоа меҳрини қозонган, дейилади хабарда.

Айни дамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушбу воқеа сабабларини ўрганишмоқда. Бола шифокорлар назорати остида.

Тошкент ҳайвонот боғи қизалоққа тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча ҳаражатларни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Воқеадан сўнг, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «в» банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланди.