Бу «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти республиканинг 6 та ҳудуди, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 800 нафар хотин-қиз орасида тадқиқот ўтказди.

18−50 ёшлилар ўртасида ўтказилган сўровномада 440 нафар шаҳарда, 357 нафар қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аёллар иштирок этган.

Улардан оилада турмуш ўртоғи томонидан жисмоний куч ёки ҳақоратли сўзлар билан камситиш ҳолатлари борасида сўралганида 60 фоизга яқин аёллар ўз турмуш ҳаётида бу каби зўравонлик ва камситишларга дуч келмаганини айтган.

Ҳар тўртинчи аёл (25%) баъзи ҳолатларда дуч келишини, 7 фоиз аёл эса бу одатий ҳол эканлигини, 9 фоиз аёл саволга жавоб беришни истамаслигини таъкидлаган. Ҳудудлар кемисида салбий ҳолатлар кўпроқ Сирдарё ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда. Аёлларнинг 40 фоизи эса у ёки бу кўринишда турли зўравонлик, камситиш ва зуғум ўтказилаётганини баён этишган.

Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган тадқиқотларга кўра, 75 фоиздан кўпроқ аёлларнинг маълум бир вазиятларда ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги аниқланган.

Хотин-қизлар қуйидаги маълумот даражасига эга:

  • 32,3% (257 нафари) олий;
  • 49% (390 нафари) ўрта;
  • 17,2% (137 нафари) ўрта-махсус;
  • 1,3% (13 нафари) эса тўлиқсиз ўрта маълумот.

Сўровда иштирок этган хотин-қизларнинг 73,8 фоизи турли соҳаларда ишлайди, 26,2 фоизи эса ишсиз.

Сўровномага жавоб берган 48,9% яъни ҳар иккинчи аёлнинг ҳаётида — қонун ва диний меъёрлар устунлик қилади, 30.3% респондентларда фақат қонунлар устувор. Шунингдек, Ахлоқ қоидалари (6,4%), миллий урф-одатлар (5,4%) ҳамда (3,8%) диний меъёрларни ўзлари учун бирламчи ҳаётий қадрият сифатида билувчилар сони нисбатан кам. Улар орасида ўз шахсий манфаатларини устун қўйган ҳолда вазиятга мослашиб яшашни тўғри, деб билувчилар (3,8%) ҳам бор.

Иштирок этган респондентларнинг 75 фоиздан кўпроғи маълум бир вазиятларда ҳуқуқий билимларининг етарли эмаслигини ҳис қилган. Бунда қуйидаги масалалар ўрин олган:

  • 22,7% банк ва молиявий масалаларда,
  • 20,6% иш жойидаги муайян ҳолатларда,
  • 19,7% уй-жой билан боғлиқ муаммолар.

«Бу ҳолат улар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси ўрта даражадан анча паст эканлигини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, сўровда иштирок этган 89% фарзандли аёллар ўз болаларининг тарбиясида ҳуқуқий билимларга алоҳида эътибор қаратади. 57% яъни ярмидан кўпи доимий равишда фарзандларига ҳуқуқий тарбияни бериб боришга интилади. 40 фоизга яқини эса, айрим ҳолларда ҳуқуқий тарбия билан шуғулланади. Фарзандларига қонун ва ҳуқуқ борасида таълим-тарбия бера олмаётган аёллар эса 5 фоизга тенг.

Қолаверса, уларнинг қонун, ҳуқуқ ва бурч борасидаги тасаввурлари ҳам текшириб кўрилган.

Жавобларга кўра, аёлларнинг:

  • 61,0% учун қонун — бу тартиб;
  • 53,8% учун адолат;
  • 37,9% учун ҳимоя;
  • 15,4% учун халқни бошқариш усули;
  • 12,1% учун ҳаёт кафолати.

Аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини текшириш мақсадида берилган саволларга олинган жавобларнинг умумий тўғрилик даражаси 43,7 фоизни ташкил этмоқда.

Бу ҳолат аёллар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси ўрта даражадан анча паст эканлигини кўрсатмоқда.