2021 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 21 млн сўмни ёки 1983 доллар эквивалентига тенг бўлди (бунда долларнинг ўртача йиллик курси — 2021 йилда 10610 сўм этиб белгиланган). Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 734,6 трлн сўмни ёки 69 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2020 йилга (59,885 млрд доллар) нисбатан 7,4 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига ЯИМ эса 2020 йилга нисбатан 5,3 фоизга ўсган.

2021 йилда ЯИМнинг иқтисодий фаолият турлари бўйича ўсиши қуйидагича қайд этилди:

  • қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги — 4%;
  • саноат — 8,7%;
  • қурилиш — 6,8%;
  • савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар — 13%;
  • ташиш ва сақлаш, ахборот ҳамда алоқа — 17,2%;
  • бошқа хизмат тармоқлари — 5,9%;
  • маҳсулотларга соф солиқлар — 6,7%.

ЯИМ дефлятор индекси

2021 йилда ЯИМ дефлятор индекси 13,6 фоизни ташкил этди. Тармоқлар кесимида дефлятор индексининг юқори кўрсаткичлари қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида (116,7%), қурилишда (114,2%) ҳамда саноатда (113,8%) қайд этилди. Республиканинг ўртача даражасидан (113,6%) паст бўлган дефлятор индекси ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқада (106,5%), савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда (112,8%) ҳамда бошқа хизмат тармоқларида (112,6%) кузатилди. Шу билан бирга, маҳсулотларга соф солиқларнинг дефлятор индекси 112,3 фоизни ташкил этди.

Ушбу индекс 2020 йилда 11,6 фоиз, 2019 йилда эса 17,9 фоизни ташкил этган.

Истеъмол нархлари индекси

2021 йилда Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 2020 йилга нисбатан 10,8 фоизга ошди. Товарлар бўйича ИНИ 11,6 фоизга, хизматлар бўйича эса 8,2 фоизга ошди. Кузатилаётган даврда, 2020 йил билан таққослаганда, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 14,3 фоизга, ноозиқ-овқат товарлар нархи эса 8,3 фоизга ўсди.

«Масала шундаки, дефляторнинг истеъмол нархлари индексидан ортда қолиши ёки ўзиб кетиши сигналлар беради. Дефляторнинг пасайиб бориши инфляциянинг бир муддат ўтиб пасайишига ёки аксинча, дефляторнинг ўсиб бориши маълум вақтдан кейин инфляция жонланиб қолиши мумкинлигига ишоралар кўрсатади», — деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Аввалроқ, 2025 йилгача аҳоли жон бошига ЯИМни $2500 га етказиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 1,6 баробарга ошириш вазифаси олдинда турганлигини таъкидлаганди. Шунингдек, президент 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилишини айтиб ўтган эди.