Президентнинг 26 январдаги «Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжатга асосан 1 февралдан анъанавий ва масофавий (аралаш) усулда тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади.

1 апрелгача бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилади.

Бундан ташқари, 1 апрелдан эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилади.

Унга кўра:

  • оилавий шифокорлар эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрланади;
  • эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади.

Шунинндек, 2022−2024 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш бўйича дастур тасдиқланди. Энди ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилади ҳамда эндокрин касалликлар аниқланган беморлар билан мунтазам алоқа ўрнатилади.

Қарорга кўра, беморлар қуйидагилар билан бепул таъминланиши белгиланди:

  • 25 ёшгача бўлган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан;
  • қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилик билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан;
  • 25 ёшдан ошган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан;
  • қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан.

Қолаверса, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий тиббиёт муассасаларидан танлаб олинган 50 нафаргача эндокринолог мутахассислар ҳар йили нуфузли хорижий эндокринология марказларида малака оширишга юборилиши белгиланмоқда.