Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктирмаслик лозимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни санаб ўтди. Бугунги кунда республика бўйича 1695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактаб мавжудлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги танқид қилинди.

Бундан ташқари:

  • янги массивлар барпо этилиши, қишлоқ инфратузилмаси кенгайиши ва аҳоли ўсиши натижасида яна 270 та мактаб қуришга эҳтиёж бор;
  • ҳозирда 2,3 мингта мактабнинг спорт зали мавжуд эмас;
  • таълим сифати паст бўлган 84 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўтган йили олийгоҳга кирмаган;
  • мактаб кутубхоналаридаги китоб фонди йиллар давомида янгиланмаган;
  • миллий мусиқа анжомлари атиги 615 та мактабда мавжуд.

Таъкидланишича, республика бўйича 10 130 та мактабни ислоҳ қилиш кўзда тутилган.

«Таълим-тарбия — бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «кимда-ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо янглишади».

«Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент беш йиллик янги Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистон ўз олдига ялпи ички маҳсулот ва экспортни карра-карра ошириш, саноатни ва ахборот технологияларини кескин ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш бўйича улкан марралар қўйганини эслатиб, ушбу вазифаларни мактабда замонавий билимларни эгаллаган, рақобатбардош ёшлар уддалашига ишонч билдирди.