Президент қарорига кўра, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

Бунда:

  • мазкур солиқ имтиёзи тадбиркорлик субъектлари томонидан, агар уларнинг мазкур кичик бандда кўрсатилган фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, қўлланилади;
  • мазкур кичик бандда кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда, мазкур солиқ имтиёзининг амал қилиши тўхтатилади ҳамда қонунчиликда белгиланган молиявий санкциялар қўлланилади;

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январга қадар меҳмонхона (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 90 фоизга камайтириш белгиланди. Бунда 2027 йил 1 январгача янгидан қуриладиган объектларга (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкасига) нисбатан мазкур имтиёзни улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 5 йил муддат давомида қўллаш тартиби кўзда тутилмоқда.

Фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қийматини икки йил давомида амортизация харажатлари сифатида чегириш ҳуқуқи берилади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар қарорда кўрсатилган туман ва шаҳарларда белгиланадиган туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:

  • айланмадан олинадиган солиқ ставкасини — 1 фоиз;
  • ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорларини — мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.

Бунда туман ва шаҳарларнинг туризм ҳудудлари чегаралари Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармалари хулосалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланади.

Жисмоний шахслар томонидан маҳаллалараро савдо-хизмат кўчалари бўйида жойлашган турар жой объектларин юқорида айтиб ўтилган хизмат кўрсатиш турлари бўйича нотурар жой объекти тоифасига ўтказилганда, 2024 йил 1 январга қадар уларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкаси сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10 фоиз этиб ўрнатилади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ жойларда антенна-мачта металл конструкцияларини, уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар ҳамда улар эгаллаган ер участкаларини юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилади.

Бундан ташқари, қуйидагилар 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилади:

  • телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан телекоммуникация инфратузилмасини жорий этиш лойиҳалари доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат бўйича олиб кириладиган технологик ускуналар, материаллар, дастурий таъминот ва эҳтиёт қисмлар;
  • мол-мулк солиғини ҳисоблашда ер участкаларида ўрнатилган антенна-мачта металл конструкциялари ҳамда уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар (тортқилар, атрофни ўровчи деворлар, юк кўтариш мосламалари, чақмоқдан ҳимоя қилиш тизимлари, ерга улаш қурилмалари, сигнал-ёритиш тизимлари, қўриқлаш сигнализацияси ва видеокузатув тизимлари) кўчмас мулк сифатида қаралади;

2022 йил 1 апрелдан бошлаб радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастота органларининг тегишли рухсатномаларига асосан радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан экспорт қилинган ахборот технологиялари хизматларининг бир йиллик ҳажми 10 млн доллардан ошганда 25 фоизга, 20 млн доллардан ошганда 50 фоизга пасайтирилади.