Ўқитувчи ва шифокорлар маошини ошириш учун 350 млрд сўм ажратилади — президент

Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини ошириш учун 2022 йилда давлат бюджетидан 350 млрд сўм ажратилишини маълум қилди. Шунингдек, бепул даволаниш ордери учун 600 млрд сўм берилиши таъкидланди.

Халқаро қидирувдаги Ўзбекистон фуқароси Абу-Дабида қўлга олинди

Интерпол томонидан халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси БААда қўлга олинди. Мазкур шахс ЖКнинг терроризм, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш ва оммавий тартибсизликлар моддаларидаги оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этилганлиги учун 2006 йилдан бери қидирувда бўлган.

Тошкентда 25 мингдан ортиқ психотроп дорилар савдосига чек қўйилди

ДХХ ва Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида 25 мингдан ортиқ «Регапен», «Тропикамид», «Селофен» сингари психотроп дорилар савдосига чек қўйилди.

Россия Ўзбекистонга қирувчи самолётлар ва зирҳли транспортлар етказиб берди

Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директори Дмитрий Шугаевнинг таъкидлашича, 2021 йилда Россия Ўзбекистонга Су-30СМ қирувчи самолётлари, Ми-35М вертолётлари, Бук-М2Э зенит-ракета комплекслари, БТР-80 ва БТР-82А зирҳли транспортёрларини етказиб берган.

Январь-сентябрь ойларида 25 мингдан ортиқ автомобиль экспорт қилинди

Ўзбекистон 9 ой ичида хорижий давлатларга қиймати $242,5 млнга тенг бўлган 25 минг 171 та енгил автомобиллар экспорт қилди.

Вилоятларда кечаси телеканаллар эфири вақтинча тўхтатилиши мумкин

23 ноябргача ҳар бир ҳудудда (Тошкентдан ташқари) фақат бир кун тунги вақтда давлат ва нодавлат телеканалларни эфирга узатилиши вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бу телеузаткичларда профилактика ишлари ўтказилиши билан боғлиқ.

«Барча раҳбарлар журналистларни ҳурмат қилишга мажбур». «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Дарё мухбири билан боғлиқ можарога муносабат билдирди

«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Дарё мухбири билан боғлиқ можарони «ўта оғриқли қабул қилгани» ва жамият имиджига кескин салбий таъсир кўрсатганини айтди. «Компанияда фаолият юритаётган барча масъул раҳбарлар ва ходимлар журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур», — деди Меҳриддин Абдуллаев. У шунингдек, журналистлик фаолиятга аралашишни кескин қоралашини, бунинг учун лавозимидан қатъий назар барчага чора кўрилишини маълум қилди.

Муваққат ҳукуматда маблағ йўқлиги Афғонистон билан лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда — Абдулазиз Камилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон билан қўшма лойиҳалар бўйича саволга жавоб берар экан, мамлакат активлари музлатилгани сабабли муваққат ҳукуматнинг молиявий салоҳияти мутлақ йўқлиги ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. «Бутун иқтисодиётни фақат гуманитар ёрдамга таяниб йўлга қўйиб бўлмайди», — деди у.

Қашқадарёдаги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи синглисига тегишли фермер хўжалигига гул кўчат буюртма қилди

Қашқадарё вилояти Қарши туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи синглиси раҳбарлигидаги фермер хўжалигига гул кўчати буюртма қилиш баҳонасида 149 млн сўм пул ўтказиб, ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Коррупцияга қарши кураш агентлиги прокуратура жиноий иш очгани ҳақида хабар берди.

Республика бўйлаб 60 дан ортиқ бозор ва мажмуаларнинг хусусийлаштирилиши кутилмоқда

Давлат активларини бошқариш агентлиги 60 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуаларида давлат улушларини сотиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини эълон қилди. Улар орасида Тошкентдаги Миробод, Фарҳод, Ўрикзор ва Олой деҳқон бозорлари, «Ипподром» ва «Бек тўпи» савдо комплекслари мавжуд. Қарорга кўра, ҳокимлар бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилиб, бозорлардаги давлат улуши ҳокимликларга ўтказилиши кутилмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу қарор лойиҳасини танқид қилди.

Тошкент вилоятида 156 кгга яқин гиёҳвандлик воситалари ушлаб қолинди

Тошкент вилоятидаги чегара постида божхона ходимлари томонидан 156 кгга яқин гашиш, героин ва опий ортилган «DAF» машинаси ушлаб қолинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Инсон аъзолари трансплантацияси учун беморга қариндош бўлмаганлар ҳам донорлик қилиши мумкин

Депутатлар инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси учун беморнинг яқин қариндоши бўлиши керак деган чекловни бекор қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади. Унга кўра, донор сифатида ўз аъзоси олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда розилик берган инсон тушунилади.

Вазирликлар харажатлари қаттиқ назорат остига олинади — Тимур Ишметов

2022 йилдан бошлаб барча вазирликлар учун давлат бюджети маблағларини сарфлаш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларни белгилаш режалаштирилмоқда, деди молия вазири Тимур Ишметов. Унга кўра, бюджет тақчиллигини 3 фоизга камайтириш ва «бюджет харажатларини қаттиқ назорат қилиш» режалаштирилган.

«Янги Ўзбекистон» массивлари барпо этилади — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуриш зарурлигини таъкидланди. Давлат раҳбари «Янги Ўзбекистон» массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилишини қайд этди. 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 трлн сўм ажратилиши белгиланди.

Яна бир йил давомида цемент импорти учун божхона божи ноль ставкада қўлланилади

Президент иштирокидаги видеоселекторда цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди. Шунингдек, цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилиши қайд этилди.

Йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилади — президент

Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.

Марҳум ходимнинг отаси нафақа пулларини талаб қилиб, Бош прокуратурани судга берди

Апрель ойида вафот этган Бош прокуратура ходими Самир Раҳмоновнинг отаси қонунда белгиланган тартибда нафақа пуллари тўлаб берилмаганини маълум қилди. Шу сабаб марҳумнинг отаси Бош прокуратура устидан судга мурожаат қилди. Бироқ, ФИБ Миробод туман суди даъво аризасини рад қилди. Даъвогар эса судга апелляция шикоятини киритган.

Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Абдулазиз Камилов Саудия Арабистонининг элчиси этиб тайинланган Юсуф ал-Утайбийни қабул қилди. У Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

Ўзбекистон АЭС қурилиши бўйича чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг фикрини ўрганади — ТИВ вазири

Ҳозирда Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш масаласи лойиҳанинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги, яшил энергетикага сармоя киритиш бўйича кўплаб таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳам, унинг шаффофлиги нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилмоқда. «Биз нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг ҳам бу масалага муносабатини ўрганамиз», — деди Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.