Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари Мухтор Темиров 13-Қашқадарё сайлов округи матбуот маркази раҳбари Жаҳонгир Тўйчиевни ҳақоратлаб, Daryo мухбири Отабек Қўлдошевга нисбатан куч ишлатгани ҳақида ёзган эдик.

Ушбу ҳолат «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида тузилган «Одоб-аҳлоқ комиссияси» томонидан ўрганилмоқда, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Меҳриддин Абдуллаев компания тарихида илк марта халқаро «Fitch Ratings» ва «S&P Global Ratings» каби нуфузли компаниялар томонидан «BB-» даражасидаги халқаро кредит рейтинги берилган бир даврда бу ҳолат содир бўлганини «ўта оғриқли қабул қилган». У шунингдек, ушбу вазият жамиятнинг ОАВдаги имиджига кескин салбий таъсир кўрсатганини таъкидлаб ўтган.

Бошқарув раиси буйруғи билан жамият тизимидаги барча масъул раҳбарларнинг ОАВ ходимлари, журналистлар ҳамда блогерлар билан мулоқот давомида аввало ҳиссиётлар ва таассуротларга берилмасдан очиқлик, ошкоралик тамойилларига амал қилган ҳолда, ҳар қандай вазиятда ҳам хушмуомалалик билан муносабатда бўлиш белгилаб қўйилгани айтилмоқда.

«Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» раҳбари компанияда фаолият юритаётган барча масъул раҳбарлар ва ходимлар «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга қатъий амал қилган ҳолда журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлигини ва ҳар қандай ҳолатда журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашишни кескин қоралашини, бунинг учун лавозимидан қатъий назар барчага нисбатан чора кўрилишини маълум қилди», — дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, журналистлар билан бўлган бу ҳолат «Одоб-аҳлоқ комиссияси» томонидан батафсил ўрганиб чиқилади ва олиб борилган ўрганиш натижалари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

Хабарда қўшимча қилинишича, «Ўзбекнефтгаз» халқаро ва маҳаллий ОАВ вакиллари, блогерлар, жамоатчилик фаоллари билан ўзаро ҳурматга асосланган иккитомонлама ҳамкорлик, очиқ ва шаффоф мулоқот қилишга доимо тайёр.

Бунга қадар, «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари Мухтор Темиров ва Daryo мухбири Отабек Қўлдошев ўртасидаги можарога пресс-тур вақтида ажратилган автобуснинг «олиб қўйилиши» сабаб бўлгани айтилганди.