Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2 ноябрдаги мажлисида «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси халқаро тажрибадан келиб чиқиб, «Тирик донордан аъзоларни ёки тўқималарни трансплантация учун олиш фақат реципиентнинг соғлиғини кўзлаб ҳамда муқобил даволаш усули мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилиши мумкин», деган норма билан тўлдирилди.

Депутат Расул Кушербаевнинг қўшимча қилишича, эндиликда донор сифатида ўзидан аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон тушунилади.

Амалдаги таҳрирда донор-беморга трансплантация қилиш учун органлари, тўқималари ва (ёки) хужайраларини ўз ихтиёри билан бераётган инсон тушунилиб, у уч йилдан ортиқ никоҳда бўлган эр-хотинлар ва уларнинг олдинги турмушидан бўлган фарзандлари, тўғри ва ён тарафдан бўлган қариндошлари, шунингдек, ўгай ота, ўгай она, ўгай ўғил, ўгай қиз ва оила ҳақидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фарзандликка олинган болалар тирик донор бўлиши мумкин эди.

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аъзолар ва тўқималар трансплантациясини бажаришдаги мақсадлар ва шартларни аниқлаган ҳолда, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларнинг қисқаришига олиб келади.

Мажлисда республика марказларида амалга ошириладиган операциялар тури 350 тага, вилоят марказларида 130, туман шифохоналарида 60 тага етгани, 32 та шифохонада эса эндоваскуляр хирургия бўлимлари ташкил этилгани қўшимча қилинган.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.