Президент Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда бюджет тизимида молиявий назоратни кучайтириш масаласини муҳокама қилди.

Молия вазири Тимур Ишметов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида 2021 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллиги (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, давлат дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда, ташқи қарз ҳисобига) 5,5−6% даражасида кутилаётганини айтди. Президент бу кўрсаткични 2022 йилда 3 фоизгача камайтириш бўйича топшириқ берди.

«[Президент] зарур ҳолларда қонун билан бюджет тақчиллиги чегарасини 3 фоизгача белгилаш ва кейинги йилларда ундан ошмаслик бўйича қатъий топшириқ берди. Бу йўналишда бюджетнинг даромад қисмини ижро этиш билан бирга харажатларни ҳам қатъий назорат қилиш топширилди. Бу, асосан, вазирликларнинг харажатларига, жумладан, қурилиш ишларига, умуман, жорий харажатларга тааллуқлидир», — деди Тимур Ишметов.

Молия вазири келгуси йилдан бошлаб барча вазирликлар учун бюджет маблағларини сарфлаш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларни белгилаш режалаштирилганини таъкидлади. Мазкур кўрсаткичларнинг бажарилишини назорат қилиш Молия вазирлиги томонидан Ҳисоб палатаси билан биргаликда амалга оширилади.

«Келгуси йилдан бошлаб Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати, Ҳисоб палатаси билан биргаликда назорат механизмини ишга тушириб, унинг доирасида ажратилган маблағлар ҳақиқатан ҳам жойларга етиб боряптими, бу харажатлар эълон қилинган мақсадларга мос келадими-йўқми текширилади», — дея таъкидлади Молия вазири.

1 январдан бошлаб Молия вазирлиги инсон омилисиз ўтказилувчи тендер тизимини жорий этиши керак. Шунингдек, Молия вазирлигига барча бюджет ташкилотларининг бухгалтерия ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари бўйича тўловларни электрон ҳисоб-фактуралар орқали амалга ошириш топширилди.

Дастлаб, бюджет тақчиллигининг максимал ҳажми ЯИМга нисбатан 5,4 фоиз миқдорида режалаштирилган бўлса, июнь ойи охирида Сенат ушбу кўрсаткични ЯИМга нисбатан 5,5 фоизга (32,8 триллион сўм) оширишни маъқуллади. Бу Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан давлат дастурлари ва қарорларининг устувор вазифаларини молиялаштиришга 650 млрд сўм ажратилиши туфайли камомаднинг ортиб бораётгани билан боғлиқ.

Жорий йилда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиздан ошмаслигини таъминлаш мақсадида ҳукумат томонидан мутасадди идора ва идоралар раҳбарларига мажбурий бўлмаган қўшимча даромадлар олиш ва харажатларни оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилган.