Ўзбекистон президенти раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Мазкур лойиҳа доирасида:

  • йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган;
  • бундан буён экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари масъул бўлади;
  • бугундан бошлаб 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинади.

Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида — 16 млн тупдан, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғонада — 15 млн тупдан, Қорақалпоғистон, Навоий, Сирдарё, Хоразмда — 14 млн тупдан кўчат экилади.

Августда президент топшириғига кўра, октябрь-ноябрь ойларида 55 млн дона, келгуси йил баҳор мавсумида 70 млн дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн дона мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш вазифаси қўйилган эди.

Шунингдек, президент ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этиш бўйича топшириқ бергани хабар қилинганди. Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 5 млн туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилган эди. Ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан «яшил майдон» ва жамоат парклари ташкил этилиши айтилган.

Бундан ташқари, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши белгиланган. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши маълум қилинганди.

Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинишини ваъда берганди. Президент парклар ва яшил зоналар ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян тақиқланашини қайд этган. Ҳар йили камида 200 млн туп дарахт кўчатлари экилиши таъкидланган.

24 август куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев видеоселектор йиғилишида Тошкентда яшил ҳудудлар улуши 26,4 фоизни ташкил этиб, пойтахтда яшовчи ҳар бир одамга 36 кв. метрдан яшил майдон тўғри келатганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткични Лондон даражасига олиб чиқиш учун қарийб 1,5 млн туп «сифатли дарахтлар» экилиши керак.

31 август куни президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғининг очилиш маросимида Тошкент вилоятида «Янги Тошкент» лойиҳаси амалга оширилишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа 2−3 ойда оммага тақдим этилади ва уни «баҳаво жойда» қуриш кўзда тутилган. «Эндиликда Тошкентда қурилиш эмас, яшил ҳудуд барпо этилади», — деган эди давлат раҳбари.