Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси (ММБ) томонидан халқаро қидирувда бўлган шахс Бирлашган Араб Амирликлари Интерпол ММБ ходимлари билан ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, ушбу шахс Ўзбекистон фуқароси С.M. (1972 й.т.) бўлиб, унинг томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155 (терроризм), 161 (қўпорувчилик), 242 (жиноий уюшма ташкил этиш) ва 244 (оммавий тартибсизликлар) моддаларида назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этилганлиги учун Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари томонидан 2006 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган.

Аввал олинган материаллар асосида ушбу шахснинг тахминий жойлашуви ҳақидаги маълумот Интерполнинг Бош Котибиятига юборилган. Фуқаро С.M. 2006 йилдан бошлаб АҚШ ҳудудида яшириниб юрганлиги аниқланган.

ИИВ қайд этишига кўра, 2021 йилнинг сентябрь ойида Вашингтон ММБ томонидан фуқаро С.M. АҚШ ҳудудуни тарк этганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган.

Ўзбекистондаги ММБ Интерполи ва БАА Абу-Даби Интерполи ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида фуқаро С.M. Абу-Дабига етиб келган кунидан беш кун ўтиб қўлга олинган.

Ҳозирда фуқарони Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.