Қарши туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи синглисига тегишли фермер хўжалигига гул кўчат буюртма қилиш баҳонасида 149 млн сўмни ўзлаштириб юборганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъули Шодиёр Аҳмедовга таяниб Daryo хабар берди.

Фермер хўжалиги фаолияти ўрганилганда гул кўчатлари етиштиришга ихтисослашуви йўқлиги, штатда 1 нафар ходим борлиги маълум бўлди.

«Масъуллар эса сохта ҳужжат билан фермер хўжалигига пул ўтказган. Энг ёмони масъул идора вакиллари — Молия ҳамда ғазначилик органлари қариндош-уруғлар ўртасида шартнома имзоланганига эътибор ҳам бермаган. Шу сабаб бу ҳолатга прокуратура эътиборини қаратдик. Айни кунда ҳолат бўйича Қарши туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган», — дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъули Шодиёр Аҳмедов.

Шунингдек, Шодиёр Аҳмедовнинг маълумот беришича, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъуллари томонидан саккизта ҳолатда салкам 3,6 млрд сўмлик, мактабгача таълим тизимида 537 млн сўмлик, автомобиль йўллари бошқармасида 561 млн сўмлик, Нишон туман Ободонлаштириш бошқармасида 975 млн сўмлик камомадларга йўл қўйилган.

«Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Масалан Шаҳрисабз туман ҳокимлигида, Миришкор, Қамаши туман ободонлаштириш бошқармаларида, Қамаши туман ҳокимлигию, Миришкор туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида, Халқ таълими тизими ҳамда вилоят телевидениесида давлат харидлари тўғрисидаги қонунлар қўпол равишда бузилган», — дея қўшимча қилади агентлик масъули.

Унинг сўзларига кўра, Шаҳрисабз туманида 553 млн сўмлик кутубхона қурилиши бўйича талабгорлар учун танлов эълон қилинган ва эълон муддати тугамасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилгани, ҳатто ишлар 45 фоизга битгани маълум бўлган.