Айни вақтда Шавкат Мирзиёев раислигида «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари «Инсон қадри учун» тамойили асосида келгуси беш йилдаги барча ислоҳотлар аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга қаратилишини таъкидлади.

«Сўнгги йилларда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жой барпо этилди. Мамлакатда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳ қайд этилмоқда, аҳоли сони келгуси беш йилда 38 млнга етиши кутилмоқда», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш учун келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуриш зарурлигини таъкидлади.

«Жойлардаги сайловолди учрашувларида ҳар бир ҳудудда барча иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган «Янги Ўзбекистон массивлари»ни барпо этиш, бу орқали келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд хонадон қуриш режа қилинган», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ушбу массивлар комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилади. Бунда:

  • ҳар бир массивга ажратиладиган ер участкаларида саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади;
  • кўп қаватли уй-жой қурилишини инвесторлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади;
  • ипотека кредитини бериш учун банкларга бюджетдан аукцион асосида ресурс ажратилади. Бунга Молия вазирлиги томонидан 20 йил муддатга 11 трлн сўм йўналтирилади;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари эҳтиёжманд аҳолига субсидия бериладиган уй нархини белгилайди;
  • 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 трлн сўм ажратилади.

Бундан ташқари, президент янги уй-жой массивлари нархини бу йилги даражада ушлаб қолиш зарурлигини ҳам таъкидлаган.

«Уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 трлн сўм ажратилади», — деди у.

Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурувчиларга Марказий банк ставкасидан ошган қисми 24 ой давомида қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 трлн сўм йўналтирилади.

Шунингдек, келгуси йили янги массивларда қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олинади. Бунинг учун 220 млрд сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилади.