2 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Саудия Арабистонининг мамлакатга янги элчиси этиб тайинланган Юсуф ал-Утайбийни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олар экан, элчини Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади ҳамда унинг масъулиятли лавозимдаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида томонлар мунтазам мулоқотни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни, жумладан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамда савдо, иқтисодиёт, фан ва технологиялар, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиялар мажлисларини ўтказиш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.