Шу йилнинг апрель ойида Бош прокуратура матбуот хизматининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов юрак хуружи сабаб вафот этгани маълум қилинганди.

Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, унинг отаси депутатга мурожаат қилиб, марҳум хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этганлиги, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдирган.

Таъкидланишича, мурожаатга тикилган тиббиёт ходимларининг 2021 йил 26 мартдаги 10-сонли далолатномасида соат 10:35 да тиббиёт бўлимига прокуратура ходимлари томонидан С.Рахмоновнинг жасади олиб келингани билдирилган.

«Демак марҳумнинг иш вақтида иш жойида вафот этгани инкор этиб бўлмас факт», — дейди депутат.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати марҳумнинг отаси судга мурожаат қилганини тасдиқлади.

«Даъвогар А.Рахманов Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига жавобгар Бош прокуратурасига нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ундириш ҳақидаги даъво аризаси ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги қўшимча даъвоси билан 2021 йилнинг 3 август куни мурожаат этган», — дейилади баёнотда.

24 август кунги суд мажлисида тарафлар ва уларнинг вакиллари иштирок этиб, ўз важларини келтирган, даъвогар томонидан эса маънавий зарар ундириш тўғрисида қўшимча даъво талаби келиб тушган.

Мазкур қўшимча даъво юзасидан фуқаролик иши доирасида Бош прокуратура томонидан ҳужжатлар тақдим этилиши, Молия вазирилиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда меҳнат ҳуқуқ инспекторини учинчи шахс сифатида жалб этилиши сабабли суд мажлиси 6 сентябрга қолдирилган. Пенсия жамғармаси масъул ходими судда иштирок этолмагани боис ишни кўриб чиқиш муддати 17 сентябрга кўчирилган.

«Суднинг 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар А.Рахмановнинг даъвоси ва қўшимча даъво аризаси рад қилинган», — дейилади хабарда.

Марҳумнинг отаси ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти киритган. Ушбу шикоят Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилади.

«Газета.uz» Тошкент шаҳар суди матбуот хизматидан «суд қарори қонуний кучга кирмагани боис» даъво аризаси нима асос билан рад этилгани ҳақида қўшимча маълумот ололмади. Бош прокуратура матбуот хизмати эса ҳолатга изоҳ беришни истамади.

Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 192-моддаси ҳамжа 194-моддасида ходим меҳнат вазифаларини бажариш сабабли вафот этса иш берувчи зарарни тўлаш шартлиги, ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори, марҳумнинг 6 йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.