Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси томонидан 25 мингдан ортиқ психотроп дорилар савдоси аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир доирасида 26 октябрь куни фуқаролар У.Т. ва М.М.лардан кучли таъсир қилувчи, психотроп модда бўлган 7504 дона «Регапен» дори воситаси олиб қўйилди. У.Т.нинг кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаш жойидан 1650 дона «Тропикамид», 5617 дона «Селофен» ва 756 дона «Регапен» дорилари борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Фото: ДХХ матбуот хизмати

Шунингдек, 28 октябрь куни яна бир ҳолат қайб этилган бўлиб, фуқаролар Ж.З., К.Ж. ва Х.К.лар тезкор тадбир давомида ушланиб, улардан 1310 дона «Тропикамид», 2100 дона «Регапен» ва 510 дона «Селофен» дори воситалари олиб қўйилган.

Бундан ташқари, 30 октябрь куни эса фуқаролар Ш. Ш. ва Ш. М.ларнинг автомашинадан 2000 дона «Тропикамид» ва яшаш манзилидан 4070 дона «Селофен» ва 300 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштирилиб олиб қўйилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тергов-суриштирув жараёнлари олиб борилмоқда.