Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директори Дмитрий Шугаев РБК нашрига берган интервьюсида 2021 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистонга қирувчи самолётлар ва ракета комплекслари етказиб берилганини маълум қилди.

«Мисол учун 2021 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистонга Су-30СМ самолётлари, Ми-35М вертолётлари, Бук-М2Э зенит-ракета комплекслари, БТР-80 ва БТР-82А зирҳли транспортёрларни етказиб бердик. Шу билан бирга ушбу давлатларга „Орлан-10Е“ кўп функцияли учувчисиз комплеклари, „Тайфун-К“ енгил зирҳли автомобиллари ва ўқотар қуроллар ҳам етказилган», — деди Дмитрий Шугаев.

У шунингдек, жорий шартномаларнинг қанчаси кейинга қолдирилгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.

«Мен аниқ фоизини айта олмайман, чунки 2022 йил бошига мўлжалланган шартномаларни бажариш учун маълум бир ҳаракатлар амалга оширилди. Шу тарзда биз мувозанатни сақлаб қола олдик», — деди у.

Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директорининг қўшимча қилишича, ушбу мамлакатлар шартнома мажбуриятларидан келиб чиқиб, ҳарбий техникаларни етказиб беришни ошириш ёки қисқартириш борасидаги қарорни қабул қилган.

«Яъни Афғонистонга қўшни давлатлар, ҳамкорларимиз, миллий қуролли кучларининг эҳтиёжи ва қуриш режаларидан келиб чиқиб, қанча қурол кераклигини ўзлари белгилайди. Бизнинг асосий мақсадимиз — ушбу минтақада барқарорликни сақлаш ва тегишли мажбуриятларни бажариш», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ, Дунё армиялари бўйича Global Firepower Index — 2021 рейтингида Ўзбекистон Қуролли кучлари 140 давлат ичидан 51 ўринни, Марказий Осиё бўйича эса биринчи ўринни эгаллагани ҳақида ёзган эдик.

Октябрь охирида Ўзбекистонда масофадан бошқариладиган йирик калибрли пулемёт намунаси ишлаб чиқарилганини хабар берган эдик.