Ўзбекистонда юрак ва ўпка трансплантацияси йўлга қўйилади — Сенат

Ўзбекистонда келажакда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини йилига 250 тага етказиш, жигар трансплантациясини эса 50 тага етказиш режалаштирилган, маълум қилди Сенат матбуот хизмати. Шунингдек, юрак трансплантациясини жорий этиш ва йилига 50 та амалиёт ҳамда ўпка трансплантациясини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда биринчи марта АИ-98 маркали бензин ишлаб чиқарилди

Ўзбекистон тарихида илк бор Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан АИ-98 маркали бензин ишлаб чиқарилди. 380 тонна ҳажмдаги бензиннинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилган.

Жиззах ва Самарқандда прокурорлар пора билан қўлга тушди

Жиззах вилоятидаги туман прокурори жиноят ишига алоқадор шахсни камоққа олмаслик учун 2 минг доллар сўраган. Самарқанд вилоятидаги туман прокурорларидан бирининг ўринбосари судланувчига тайинланган жазони оғирроқ жазо турига ўзгартиришга ҳаракат қилиб, биринчи енгилроқ жазони ўз кучида қолдириш учун 10 минг доллар талаб қилган. ДХХ бошқа шунга ўхшаш коррупция ҳолатлари ҳақида ҳам хабар берди.

Болаларни полиомелитга қарши эмлаш бошланди

20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда болаларни полиомелитга қарши оммавий эмлаш бошланди. Бу Тожикистон ва Афғонистон полиомелит ҳолатлари аниқланганлиги билан боғлиқ. Мамлакат ҳудудларига 1,2 миллион доза вакциналар етказиб берилди.

Ўзбекистонда LADA автомобилларини серияли ишлаб чиқариш бошланди

Roodell компанияси ADM Jizzakh заводида LADA автомобилларини йиғишни бошлади. Биринчи бўлиб Vesta SW ва XRAY моделларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Тез орада улар сафига Largus ҳам қўшилади.

ИТБ ва ОПЕК Ўзбекистондаги қишлоқ жойларини ривожлантириш учун $275 млн ажратади

Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан Ўзбекистондаги қишлоқ жойларини ривожлантириш лойиҳаси учун $275 млн миқдорида қарз ажратилади. Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ ҳудудларида амалга оширилади.

ДХХ Тошкент ва Фарғона вилоятларида фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди

Паркент туманида яшовчи шахс фермер хўжалиги раҳбарига банкдан 3 млрд сўм кредит ажратилишини айтиб, ундан кредит миқдорининг 10 фоизини беришини сўради. Шунингдек, Фарғона вилоятида мансабдор шахс қум барханларидан лицензиясиз фойдаланишига рухсат бериш учун 5,6 минг доллар олган вақтида ушланди.

Фарҳод Арзиев: Россия билан дўстона муносабатларни ривожлантириш — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири

Россия билан яқин шериклик ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш Ўзбекистон халқаро ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан биридир, деди мамлакат ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Тошкентда ўтказилган «Валдай» клуби конференциясида.

БМТ Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этиш саъй-ҳаракатлари масъулиятини олиши мумкин — Абдулазиз Камилов

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин, деб ҳисоблайди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда келгуси 5 йилда иш ўринлари қандай яратилиши бўйича маълумот берди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда сайловчилар билан учрашувда 6 минг нафар ишсиз аҳоли учун, ихчам иссиқхоналар қуриб берилишини маълум қилди. Аҳоли томорқаларининг сув таъминотини яхшилаш орқали, 12 минг фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Келгуси йилда Қорақалпоғистонда 1−4 синф ўқувчилари учун бепул тушлик берилади — президент

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда сайловчилар билан учрашувда келгуси йилдан бошлаб 1−4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилишини таъкидлади.

Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун 43 трлн сўм йўналтирилади — Шавкат Мирзиёев

ЎзЛиДеПнинг президентликка номзоди Шавкат Мирзиёев келгуси 5 йилда Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун 43 трлн сўм йўналтирилишини таъкидлади. Ушбу маблағлар давлат бюджети, халқаро молия ташкилотлари ва банк кредитлари ҳисобидан ажратилади.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига янги ўринбосар тайинланди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари — ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимига Дилмурод Мирсодиқов тайинланди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентнинг учта тумани ҳокимига «ҳайфсан» берди

Тошкент ҳокими пойтахтнинг уч тумани ҳокимларига «ҳайфсан» эълон қилди. Бунга уларнинг биринчи ярим йилликда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтиришга йўл қўйганликлари сабаб бўлган.

«Бизда ситиларга ружу қўйилиб, соғлиқ учун фойдали манбалардан воз кечилмоқда» — «Адолат» номзоди

«Адолат» партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов шаҳарларда «сити» қуришга ружу қўйилганлигини танқид қилди. Партия раҳбари ҳаводаги чангга қарши курашишда фойда бериши мумкин бўлган сунъий кўллар республикада бирин-кетин йўқ қилинаётганлигини таассуф билан қайд этган.

Қашқадарёда болаларни полга ўтқазиб дарс ўтган ўқитувчиларга ҳайфсан берилди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги мактабнинг икки ўқитувчисига болаларни полда ўтқазиб дарс ўтгани учун ҳайфсан берилди. Вилоят прокуратураси ўқитувчиларнинг жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўла туриб, мактаб маъмурияти камчиликларини бўрттириб кўрсатиш мақсадида шу ишга қўл урганини маълум қилди. Мактаб раҳбариятига нисбатан ҳам интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Поезд жўнаб кетди. Электричкаларда кимлар юради ва нега йўловчилар ундан қониқишмаяпти?

Шаҳар атрофидаги темир йўл алоқаси — йирик шаҳарлар транспорт тизимини ривожлантиришнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади, лекин Тошкент электропоездлари йўловчилари кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш ҳосил қилаётгани йўқ. «Газета.uz» фотомухбири Евгений Сорочин улардан бунинг сабабини сўраб кўрди.

«Толибон» қизларнинг таълим олишини чекламоқда, Кобулда давлат хизматидаги аёллар ишга чиқиши тақиқланди

«Толибон» ўрта таълимдаги қизларнинг мактабга боришини чеклади. Кобулда давлат хизматида ишловчи аёлларга ишга чиқиш тақиқланиб, фақат айрим касб эгаларига ишлашга рухсат берилди. «Толибон» расмийлари бу ҳолатларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» дея изоҳламоқда. «Касбим бўлмаса, ўқишимга рухсат беришмаса, хавфсизликнинг мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу хавфсизлик фақат «Толибон»га керак», — дейди тиббиёт соҳасида таълим олувчи афғон қизи. «Толибон» матбуот хизмати вакили ҳукуматда аёлларга зарурат йўқлигини, уларнинг вазифаси болаларни дунёга келтириш ва тарбиялаш эканлигини таъкидлади.