Guardian нашрининг хабар беришича, 17 сентябрь куни «Толибон»нинг таълим вазири мамлакатда 7−12-синф ўқувчилари учун дарслар, афғон ҳисоби бўйича янги ҳафта бошланиши — шанба кунидан, 18 сентябрдан давом эттирилиши ҳақида маълум қилган эди.

«Барча эркак муаллимлар ва ўқувчилар таълим муассасаларида бўлишлари лозим», дейилган эълонда. Қизлар ва муаллималар эса тилга олинмаган.

«Ҳозирча Афғонистон ярим аҳолисининг ўрта таълим олишига чеклов ўрнатган ягона давлат бўлиб қолмоқда», — дейилади хабарда. Мазкур фармон билан «Толибон» ўзининг аёллар ҳуқуқлари масаласидаги позициясини жаҳон ҳамжамиятига яна бир бор намоён қилганлиги таъкидланади.

«Толибон» мамлакатда ўз назоратини ўрнатган илк кунларда эндиликда аёлларга муносабат 1990 йиллардаги каби бўлмаслиги, аёллар ҳуқуқлари кафолатланиши, улар Ислом қонун-қоидалари асосида илм олишлари ва ишлашлари мумкинлигини маълум қилган эди.

Бироқ ҳозирги кунгача мамлакат пойтахти ва бошқа вилоятларда аёллар ҳуқуқларининг чекланиши, жумладан, аёлларнинг жамиятга аралашуви, ишлаши, маҳрамсиз кўчага чиқиши, ҳатто айрим туманларда бошланғич таълим олиши ҳам тақиқланиши ва бошқа шу каби ҳолатлар кузатилмоқда. «Толибон» расмийлари бу каби ҳолатларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан», дея изоҳлаганлиги айтилмоқда.

Толиблар вакили Забиҳулла Мужоҳид қизларнинг мактабга қатнаши учун хавфсиз муҳитни яратиш ва хавфсиз транспорт билан таъминлаш кераклигини таъкидлади.

«Биз қизларнинг мактаб таълимини олишига қарши эмасмиз, лекин биз ҳали мактабга қатнашини таъминлайдиган механизм устида ишлаяпмиз. Хавфсиз транспорт ва хавфсиз муҳитни кафолатлаш керак. Аввалги ҳукумат даврида бундай бўлмаганди. Кўриб турибсизлар, ҳозир қизлар университетларда таълим олишда давом этмоқда. У ерда транспорт етарлича хавфсиз», — деди Мужоҳид Spiegel нашрига берган интервьюсида.

«Таълим ва саводхонлик Исломда шу қадар улуғланадики, „Толибон“ қизларнинг илм олишини Исломга мувофиқ тақиқлай олмайди. Шунинг учун доим уларнинг [қизлар мактабларининг] хавфсизлик кучайтирилганида очилишини айтиб келишади. Ҳеч қачон бундай бўлмади. Улар мактабларни очишмади», — дейди Афғонистон таҳлилчилар тармоғи директори Кейт Кларк.

«Толибон» аввалроқ барча бошланғич таълим ўқувчилари мактабга қайтишлари ва олий таълим муассасаларида қизлар гуруҳ томонидан ўрнатилган янги тартиблар доирасида таълим олишлари мумкинлигини маълум қилган эди. «Лекин ўрта таълим муассалари очилмас экан, олий таълимга рухсат берилишида ҳеч қандай маъно йўқ», — деб ёзмоқда Guardian.

ЮНEСКО бош директори Одри Азуле «Толибон»нинг қизларга ўрта таълимни чеклаш билан боғлиқ хавотирларини маълум қилди. Тақиқнинг доимий бўлиши мамлакатда аёллар ҳуқуқлари жиддий бузилишига олиб келиши ва таълим соҳасининг тараққиётига жиддий путур етказиши мумкин.

«Афғонистон келажаги афғонистонлик қиз ва ўғил болаларнинг таълим олишига боғлиқ», — дейди Одри Азуле. «Биз Афғонистондаги барча масъул шахслар ва расмийларга мурожаат қилиб, мактабларнинг босқичма-босқич очилиши доирасида ҳамма болалар учун ҳеч қандай тўсқинликсиз таълим олиш имкониятини таъминлашга чақирамиз». У, шунингдек, аёл ўқитувчиларни мактабга қайтариш ҳам бир хил даражада аҳамиятли эканлигини таъкидлаган.

Одри Азуленинг сўзларига кўра, қизларнинг ўрта мактабга қайтиши қанчалик ортга сурилса, уларнинг таълимда ортда қолиши ва бошқа мактабга қайтмаслик эҳтимоли шунчалик ортади. Бунинг ўрнига қизлар эрта турмушга чиқишади, бу эса уларни олий маълумот олиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиш имкониятидан маҳрум қилади.

Ҳаракат раҳбарлари қизларга бошланғич таълимнинг кафолатланишини ваъда қилганлигига қарамай, айрим чекка ҳудудларда бунинг акси кузатилмоқда. Хусусан, Қандаҳорнинг кўплаб туманлари ва Панжвайда ҳукумат вакиллари бу масалани беэътибор қолдираётганликлари ва ортга сураётганликлари, изоҳ сўралганида эса, ҳудудда таълимни йўлга қўйиш учун молиявий шарт-шароит йўқлиги, ҳукумат бу борада халқаро ҳамжамиятнинг молиявий кўмагига муҳтож эканлиги рўкач қилинганлиги айтилмоқда.

Бундан ташқари, «Толибон» ҳукумати қизларнинг университет даражасини олишларига қаршилик йўқлигини билдирганлигига қарамай, бу борада ўрнатилган тартиб-қоидаларнинг амалиётда ишлаши вақт ва маблағ талаб этади.

Хусусан, 11 сентябрда «Толибон» ҳукумати олий таълим вазири Абдул Боқи Ҳаққоний томонидан эълон қилинган қатор тартиб-қоидаларга кўра, қизлар ва ўғил болалар алоҳида синфларда ўқитилади. «Биз ўғил болалар ва қиз болалар бирга ўқишларига рухсат бермаймиз», — дея маълум қилган эди Ҳаққоний.

Қизлар университетга исломий тартиб-таомилга мувофиқ ҳижобда келишлари лозим (ҳижоб деганда, фақат бошни ёпадиган рўмол назарда тутилганми ёки юзни ҳам ёпиш керакми — номаълум).

Қизларга фақат аёл ўқитувчилар дарс бериши мумкин. Шунингдек, Ҳаққонийнинг сўзларига кўра, университетда қизларга ўқитиладиган фанлар ҳам қайта кўриб чиқилади.

Guardian`нинг ёзишича, мамлакатдаги университетларда қизлар учун алоҳида гуруҳлар, унинг устига, юқорида санаб ўтилган тартиб-қоидаларга мувофиқ, ташкил этиш имконияти мавжуд эмас. Баъзиларида аёл муаллималар етишмайди, баъзиларида талабалар. Натижада қизлар учун ўқув дастуридаги кўплаб фанларни бекор қилишларига тўғри келмоқда.

«„Толибон“ [ўғил болалар ва қизларни] ажратиб ўқитишни буюради. Лекин биз Афғонистондаги энг катта ва энг яхши моддий-техник базага эга университетлардан бири бўлатуриб, буни амалга оширишга имкониятимиз йўқ», — дейди Ҳирот университети профессори.

Қайд этилишича, «Толибон» раҳбарларига аёллар ишлашига мамлакат миқёсида қачон рухсат этилишини сўраб мурожаат қилинганида, уларнинг аксарияти бир хил — «тез орада» деган жавоб беришган.

Associated Press 18 сентябрь куни мамлакатдаги собиқ аёллар ишлари вазирлиги биноси янги ташкил этилган рағбатлантириш, ахлоққа йўналтириш ва жиноятларнинг олдини олиш вазирлигига бўшатиб берилганлиги ҳақида ёзди.

Собиқ вазирлик маслаҳатчиси Сара Сират AP`га йўллаган видео хабарида шундай деган: «Бахтга қарши, Толибон ислом амирлигининг ҳукуматида [аёлларга] жой йўқ. Аёллар ишлари вазирлигини ёпиш орқали улар келгусида аёлларга ўз ҳуқуқларини қайтариш ёки давлат хизмати ва бошқа соҳаларда ишлаш имкониятини бериш режаларида йўқ эканлигини кўрсатдилар».

Худди шу куни Кобулда аёллар қатор норозилик намойишларини ўтказдилар. Бунга аёллар ишлари вазирлигининг ёпилиши билан бир вақтда Кобулнинг муваққат ҳокими давлат хизматидаги аёлларнинг ишга чиқишларини тақиқлаш тўғрисида кўрсатма берганлиги сабаб бўлганлиги айтилган. Ҳокимнинг буйруғига кўра, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги айрим эркаклар бажариши мумкин бўлмаган вазифаларда ва аёллар жамоат ҳожатхоналарида банд бўлган аёлларгина ўз меҳнат фаолиятини давом эттиришлари мумкин.

Афғон аёллари кўплаб масалаларда муросага келишлари мумкин, лекин таълим олиш ва меҳнат қилиш масаласида эмас, дея такрорламоқда афғон аёллари.

«Кўпдан-кўп аёллар шу зиддиятлар сабаб эрларини йўқотган, энди уларнинг ягона чораси — ишлаш… Бизга бозорга боришга ёки пикникда ҳордиқ чиқаришга рухсат берилмаса, ҳечқиси йўқ. Лекин ишлашимизга рухсат беришлари керак, бўлмаса фарзандларимизни қандай боқамиз?» — дейди қандаҳорлик Парвана.

«Бутун дунёга айтинг, бу чекловларни олиб ташлаши, муносабатини ўзгартириши учун «Толибон»га кўпроқ босим ўтказишсин, — дейди тиббиёт соҳаси талабаси Гулалай. — Касбим бўлмаса, ўқишимга рухсат беришмаса, хавфсизликнинг мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу хавфсизлик фақат «Толибон»га керак».

Инклюзив ҳукумат тузилиши ваъда қилинганига қарамай, муваққат ҳукумат таркибида бирорта аёл киши тайинланмаган. «Толибон» матбуот хизмати вакили Сайид Зикруллоҳ Ҳошимий Tolo News каналига берган интервьюсида аёлларнинг вазифаси — болаларни дунёга келтириш ва вояга етказиш эканлигини таъкидлаган.

«Ҳукуматда аёлларга зарурат йўқ», — дея қўшимча қилган у.