20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда илгари Ўзбекистонда буйрак ва жигар трансплантацияси амалиётлари ўтказилмаслиги оқибатида кўпчилик беморлар хорижий мамлакатларда катта маблағ эвазига даволангани, ҳатто айримлари бевақт вафот этгани ҳақида таъкидланди, дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда буйрак, жигар ва ўзак ҳужайрасини кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйишга имконият яратилди. Натижада бугунги кунгача мамлакатда 700 дан ортиқ ана шундай операция муваффақиятли бажарилган.

Республикада 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азоб чекса, уларнинг 500 нафари, яъни 10 фоизи жигар трансплантацияси амалиётига муҳтож. Бугунги кунга қадар мамлакатда жами 10 та жигар трансплантацияси амалга оширилган.

«Истиқболда буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини йилига 250 тага етказиш, жигар трансплантациясини эса йилига 50 тага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, юрак трансплантациясини жорий этиш ва йилига 50 та амалиёт ҳамда ўпка трансплантациясини йўлга қўйиш ва йилига 30 та амалиётни бажариш назарда тутилган», дейилади хабарда.

«Тадбир доирасида сенаторлар инсон аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш амалиётини хорижда катта маблағ ва вақт сарфламасдан Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш мумкинлигига урғу бердилар. Шунингдек, инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчилигимизда белгиланган нормалар бугунги кун талабларига мос эмаслиги, шу боис, мазкур қонун лойиҳасида аниқ тартиблар белгилаб берилаётганлиги таъкидланди», дея қайд этди юқори палата матбуот хизмати.