«Адолат» СДП расмий сайтида партия сиёсий кенгаши раиси, президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг «Муҳташам «сити"ларга ружу қўйиш экологик тангликни кучайтиради» сарлавҳаси остидаги мақоласи эълон қилинди.

Мақолада атроф-муҳит ифлосланишининг инсон саломатлигига таъсири ва Ўзбекистонда экологик муаммолар билан боғлиқ вазият хусусида фикр юритилади.

Қайд этилишича, тадқиқотларга кўра, инсониятнинг ҳалокатига уруш, очарчилик, касалликлардан ҳам кўра экологиянинг ифлосланиши кўпроқ сабаб бўлар экан.

«Экологиянинг ифлосланиши сабаб ўлимга юз тутганлар сони ОИТС, безгак, сил қурбонларидан 3 баробар кўпдир. Урушда ҳалок бўлганлар эса экологик муаммо боис вафот этганлардан 15 марта кам экан. Ҳатто Ер юзини титратган коронавирус вабоси ҳам экологик муаммолар олдида ҳолва», — дея таъкидлайди партия раиси.

Шунингдек, атроф-муҳит ифлосланиши баъзи саратон касалликлари, аллергик ва инфекцион касалликлар келиб чиқиши, тўсатдан ўлим синдромига сабаб бўлиши айтилган. Бундан ташқари, мақолада экологик муаммолар сабаб ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада бўлган, ногирон болалар дунёга келиши мумкинлиги таъкидланган.

Баҳром Абдуҳалимов ҳаводаги чангга қарши курашишда сунъий кўллардан фойдаланиш мумкинлигини, лекин республикада кўлларнинг бирин-кетин йўқ қилинаётганлигини таассуф билан қайд этган:

«Бундан анча йиллар аввал пойтахтдаги Ўзбекистон давлат консерваторияси биноси ўрнида катта кўл бўларди, ҳозир ундан асар йўқ. Яқинда Миллий боғдаги кўл ҳам таг-туги билан йўқ қилиниб, ўрнига аллақандай «сити» қаққайтириб қўйилди. Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи ҳам шундай режалар чангалида турибди. Афсуски, ҳозир бизда муҳташам «сити"ларга ружу қўйилиб, ҳаёт ва соғлиқ учун фойдали манбалардан воз кечилмоқда», — дейди президентликка номзод.

Партия раҳбари масаланинг глобал миқёсдаги аҳамиятига тўхталиб, атроф-муҳит ҳамда сув ресурслари муҳофазасига бағишланган қатор глобал ва минтақавий музокаралар, жумладан, Дублин конференцияси, «Ер саммити», Йоханнесбургда бўлиб ўтган Барқарор ривожланиш бўйича жаҳон саммитини мисол қилиб келтирган.

«Ўзбекистон Экологик партияси „навниҳол“ сиёсий куч бўлишига қарамай, экологик муаммолар ҳажман унга мослашмаслиги табиий. Балки мазкур ташкилотнинг фаолияти атроф-муҳитдаги вазиятдан келиб чиқиб, салмоқ касб этиши шарт», — дея хулоса қилган партия раҳбари.