«Жиззах» эркин иқтисодий зонасидаги ADM Jizzakh корхонасида LADA автомобилларини серияли йиғиш бошланди. Йирик узелли йиғиш усулида (SKD) биринчи бўлиб LADA Vesta SW ва LADA XRAY моделларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Тез орада улар сафига LADA Largus ҳам қўшилади. Бу ҳақда LADA автомобилларининг расмий импортчиси ҳисобланган Roodell компанияси «Газета.uz»га маълум қилди.

Ишлаб чиқариш «АвтоВАЗ»нинг ускуналар, технологик жараёнлар ва сифат назорати бўйича барча талабларини инобатга олган ҳолда ташкил этилган. Лойиҳани амалга ошириш орқали 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Компаниядан таъкидланишича, ходимлар зарур тайёргарликдан ўтказилган.

«Маҳаллий йиғилиш LADA автомобилларини истеъмолчилар учун, биринчи навбатда, кредит дастурлари ва Trade-in шарофати билан янада уйғунроқ қилади», — дея қайд этди компания.

2020 йилда Ўзбекистонда 18 та дилерлик марказини ўз ичига олган Roodell дилерлик тармоғи орқали 5000 дан зиёд LADA автомобиллари сотилди.