Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида юқори октанли автомобиль бензинини ишлаб чиқаришни йўлга қуйиш бўйича тадқиқотлар ўтказилди. Технологик қурилмаларда режим танланди, натижада АИ-98 юқори сифатли этелланмаган бензин ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, деб хабар берди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, АИ-98 маркали автомобиль бензини, асосан, сиқиш даражаси 12 дан 14 гача бўлган двигателли автомобилларда ишлатилади. АИ-98 бензини юқори детонацияга қарши хусусият (октан характеристика)лари туфайли двигатель қувватини оширади ҳамда тезланиш динамикасини яхшилайди, тебраниш, шовқин даражасини пасайтиради, шунингдек, ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтиради.

Таъкидланишича, мазкур маркали автомобиль бензинини ишлаб чиқаришда хорижий мутахассисларнинг кўмагисиз изланишлар олиб борилган.

АИ-98 автомобиль бензинининг дастлабки партияси ишлаб чиқарилди ва 380 тонна ҳажмдаги бензиннинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилган.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан жорий йилнинг сентябрь-декабрь ойларида 36,5 минг тонна АИ-91, 13,1 минг тонна АИ-92 1,4 минг тонна АИ-95, шундан 848 тоннаси «QuWatt» русумидаги юқори октанли автобензин ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 14,9 минг тонна Евро-4, 11,4 минг тонна Евро-5 русумидаги дизель ёнилғилари ишлаб чиқарилиши, 2021 йилнинг иккинчи ярим йиллик якунига қадар «Uzbekneftegaz GTL» синтетик керосинини сақлаш учун 5000 куб метр ҳажмда 2 дона сақлаш сиғимини қуриш ишларини якунига етказиш режалаштирилган.

Ҳозирда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 19 дан ортиқ маркага эга бўлган 9 та турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.