Ой бошида ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги мактаблардан бирида ўқувчилар дарс вақтида полда ўтиргани акс этган фотосурат ва видеоёзув тарқалди.

Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, гап 1974 йилда қурилган 420 ўринли 39-мактаб ҳақида кетмоқда. Мактаб биносини таъмирлаш учун 2021 йилда 3,1 млрд сўм ажратилган, қурилиш-таъмирлаш ишлари «Авангард гидро-экспресс» МЧЖ томонидан олиб борилиб, 10 сентябрда якунланган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб биносига қурилиш ишлари якунида 27 та синфхона учун 405 та парта, директор, унинг ўринбосари хоналарига 1 тўпламдан ҳамда ўқитувчилар хонасига 2 тўпламдан зарурий жиҳозлар етказиб берилиши белгиланган.

Бироқ қурилиш ишлари якуни бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани сабабли, 08 сентябрь кунига қадар жиҳозлар етказиб берилмаган. Шу сабабли, мактаб маъмурияти томонидан эски жиҳозлардан фойдаланилиб, ўқув йили бошланган, дейилади хабарда.

Ўрганишда ўқитувчилар Н.С ва О.С.нинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида келишмовчилик юзага келгани аниқланган.

«Ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўла туриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5 «а"-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтилган», — дейилади хабарда.

11 сентябрь куни ҳодиса юзасидан халқ таълими азири Шерзод Шерматов муносабат билдирган эди. У дастлабки маълумотларга таянган ҳолда полда ўтилган дарснинг мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилари ўртасидаги келишмовчиликдан юзага келганини тан олган эди.

ХТВ раҳбарининг сўзларига кўра, таъмир ишлари тугамагани сабабли дарсларни вақтинчалик бошқа мактабда ёки масофавий ўтказиш режалаштирилган бўлган. Шу сабабли янги янги мебелларни етказиб бериш ҳам тўхтаб турган.

«Агар жуда шошилинч бўлиб таъмирдан чиққан жойида ўқишни ташкил этиш жуда зарур бўлса ўтган йилги мебелни вақтинча ишлатиб турса ҳам бўлар эди. Мактабда ўқувчи сони қувватидан ошиқ эмас, шунга бир сменада ўқишни ташкил этиш учун жой етарли», — деди Шерзод Шерматов.

«Шу орқали ярим аср давомида таъмирланмаган мактаб таъмирланаётганига Яккабоғдан ўзига хос миннатдорчилик билдиришибди…» — дея қўшимча қилди вазир.

Ўқитувчилар Н.С ва О.С. таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишга уринганлари учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилди.

Шунингдек, текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.ларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.