Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув давомида келгуси беш йилда Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун 43 трлн сўм йўналтирилишини таъкидлади. Бу ҳақда «Микрофон кўтарган аёл» Telegram канали хабар берди.

ЎзЛиДеП номзодининг қайд этишича, ушбу маблағларнинг 10 трлн сўми бюджетдан, 19 трлн сўми халқаро молия ташкилотларидан ва 14 трлн сўми банк кредитлари эвазига жалб қилинади.

Ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш учун ҳукумат, марказий иқтисодий идоралар ва Вазирлар Кенгашининг иш услуби тўлиқ ўзгариши айтилди.

Маълум қилинишича, бунда Тошкентдаги вазирлар ва тармоқлар раҳбарлари Вазирлар Кенгаши билан бирга иш натижалари бўйича ҳар чоракда Жўқорғи Кенгесда ҳисобот беради. Бу масала Сенатнинг алоҳида назорати остида бўлади ва мунтазам равишда муҳокама қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда келгуси 5 йилда янги иш ўринлари қандай яратилиши бўйича маълумот бергани хабар қилинганди.