20 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини молиялаштириш учун Ислом тараққиёт банки томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 200 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор Ислом тараққиёт банки Директорлар Кенгаши томонидан маъқулланган.

Шунингдек, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 75 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор ОПЕК Директорлар Кенгаши томонидан маъқулланган.

Қарор билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан лойиҳа учун 3,05 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилади. Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг улуши 59,95 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлардан иборат.

Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ (40 та марказий, 130 та ёндош маҳалла)ларда амалга оширилади.