Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда сайловчилар билан учрашув ўтказяпти. Шавкат Мирзиёев сайловолди дастури доирасида келгуси 5 йилда қандай қилиб янги иш ўринлари яратилиши бўйича маълумот берди. Бу ҳақда «Микрофон кўтарган аёл» Telegram-канали хабар берди.

Маълум қилинишича, 14 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида, 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади. Бу орқали 50 мингга яқин иш ўрни ташкил этилади.

6 минг нафар ишсиз аҳоли учун, ихчам иссиқхоналар қуриб берилади.

Қўшимча қилинишича, аҳоли томорқаларининг сув таъминотини яхшилаш орқали, 12 минг фуқаронинг бандлиги таъминланади. Маҳаллага кирган ирригация тизимини тиклаш махсус жамғармаси ташкил этилади. Бу жамғармани Фермерлар ва деҳқонлар кенгаши барча туманларда ташкил қилиб, ўзи бошқаради. Бюджетдан ҳар бир туман жамғармасига 10 млрд сўмдан ўтказиб берилади.

Шунингдек, 422 та маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, оилавий тадбиркорлик дастурларига ҳар йили 650 млрд сўм кредитлар ажратилади.

Таъкидланишича, Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги тадбиркор ва фуқаролар учун келгуси 10 йилда ер, мол-мулк, сув солиғи, ижтимоий, фойда, даромад ва айланма маблағдан олинадиган солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади.

Шунингдек, 50 млрд сўмга тенг лойиҳалар бўйича электр, табиий газ, сув ва йўл тармоқларини ўтказиб беришни, давлат тўлиқ зиммасига олди.

45 та янги кичик саноат зонаси барпо этилади ва бунга бюджетдан дастлабки босқичда 100 млрд сўм берилади, қарийб 25 мингта янги иш ўрни яратилади.

Айтилишича, cаноат тармоқларида 5 млрд 100 млн долларлик 2 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари доирасида 76 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади.

Қўшимча қилинишича, ҳудуднинг экспорт ҳажмлари камида 4 баробарга оширилиб, 500 млн долларга етказилади.