20−30 сентябрь кунлари Ўзбекистонда 4−5 ёшдаги болаларни полиомелитга қарши оммавий эмлаш жараёнлари бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Санитария-эпидемиология хизмати.

Вакциналарни мамлакатнинг даволаш-профилактика муассасалари эмлаш пунктида олиш мумкин. Болаларни эмлаш учун ҳудудларга 1,2 миллион доза инактивланган полиомиелит вакцина етказиб берилган.

Миллий эмлаш календарига асосан, полиомиелитга қарши эмлаш боланинг 2, 3, 4 ва 16 ойлигида ва 7 ёшида оилавий поликлиникаларда ОПВ-оғиз орқали юбориладиган полиомиелит вакцинаси билан амалга оширилади.

ИПВ-инактивланган полиомиелит вакцинаси билан болалар 4 ойда бир маротаба эмланади. Эмлаш бир маротабалик шприц билан инъекция усулида ўтказилади, вакцинанинг бир дозаси — 0,5 мл мушак орасига юборилади.

Фарғона вилояти СЭО ва ЖС хизмати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига таяниб, Афғонистон ва Тожикистонда сентябрь ойида 31 та ҳолатда полиомиелит вирусининг 2-типи аниқланганлигини маълум қилди.

СЭО хизмати вакциналар ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Дилором Турсунова «Газета.uz»га берган изоҳида Ўзбекистонда охирги маротаба полиомелит ҳолати 1995 йил Қорақалпоғистонда аниқланганлигини таъкидлади. «1996 йилдан бери республикада полиомелит ҳолатлари учрамаган. ЖССТ тавсияларига мувофиқ 1997 йилдан бошлаб мамлакатга полио вирус кириб келишининг олдини олиш учун полиомелит ва ўткир параличлар бўйича фаол эпидемиологик кузатув олиб борилмоқда», — деди у.

Шу йилнинг март ойида Тожикистон ва Афғонистонда полиомелит ҳолатлари аниқланганлиги сабабли Сурхондарё вилоятида 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида оммавий эмлаш ўтказилган.

Полиомелит нима?

ЖССТ маълумотларига кўра, полиомелит юқори инфекцияли касаллик бўлиб, уни вируслар чақиради. Касаллик асаб тизимини шикастлайди бир неча соатларда умумий фалажликка олиб келиши мумкин. Полиомелит асосан 5 ёшгача бўлган болаларни

Вирус ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув орқали ўтади, ичакда кўпаяди ва у ердан асаб тизимига ўтиши мумкин. Зарарланганларнинг кўпида касаллик аломатлари бўлмайди, лекин ахлат чиқарганда вирусни ҳам чиқаради ва шу орқали вирусни бошқа одамларга узатиши мумкин.

Зарарланишнинг ҳар 200 та ҳолатидан бирида умрбод фалажлик (асосан оёқлорда) юзага келади. Биринчи аломатлар — иситма, толиқиш, бош оғриғи, қайд қилиш, оёқ-қўллардаги оғриқлар, бўйин қотиб қолиши.

Полиомиелит даволанмайди, унинг олдини фақат эмлаш билан олиш мумкин. Бир неча маротаба юборилган вакцина болани деярли бутун умри давомида ҳимоя қилади.