Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин, деди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.

ТИВ раҳбари 21 сентябрь куни Буюк Британия Мудофаа вазирининг парламентар ўринбосари, Қуролли кучлар давлат вазири Жеймс Ҳиппини қабул қилди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Афғонистондаги мавжуд вазият ва мамлакатни тинч йўл билан ривожлантиришга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатлар юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала БМТ агентликлари Сурхондарё вилоятидаги юк марказида Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун катта омбор ташкил қилаётганини маълум қилган.

Сентябр ойи ўрталарида БМТ матбуот хизмати БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг асосий логистика марказини Афғонистонга ёрдам кўрсатиш доирасида Термизда жойлаштиришга қарор қилинганини эълон қилган. Ҳозиргача БМТ идоралари томонидан ушбу мамлакатга юборилган гуманитар юклар Покистон орқали етказилади.

Ўзбекистоннинг ўзи Афғонистонга 1,3 минг тонналик инсонпарварлик юкини юборди. Юк 25 вагонли поезд билан қўшни давлатнинг «Ҳайратон» темир йўл вокзалига олиб келинган бўлиб, унда ун, ёғ, гўшт, гуруч, биринчи зарур маҳсулотлар, шунингдек, тиббий маҳсулотлар ва болалар учун трикотаж кийимлари бўлган.

Аввалроқ Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Афғонистонда, биринчи навбатда, гуманитар инқирознинг олдини олиш кераклигини таъкидлаган эди.«Бунинг учун биз мамлакатдаги ҳақиқий реал ҳокимият билан иш олиб боришимиз керак. Бошқа йўл йўқ», — деган эди у.