«Бир бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди». Президент Зоминдаги ўрмон ёнғини ҳақида

Шавкат Мирзиёев август ойи бошида Зоминда содир бўлган ўрмон ёнғинига «бир бойваччанинг ўғли» сабаб бўлганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, ҳозирда бу вазият билан прокуратура шуғулланяпти.

Қашқадарёда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори ишдан бўшатилди

Қарши туманидаги 6 сонли мактаб директори 50 дан ортиқ ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани аниқланди. Ҳолат Халқ депутатлари кенгаши ва халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганилиб, мактаб директорини ўз вазифасидан озод этилди. ХТВ «педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайсилиги»ни таъкидлади.

Президент қимматбаҳо металлар ва тошлар тўғрисидаги қонунни имзолади

Президент «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат хусусий секторга қимматбаҳо металлар айланмаси соҳасида очиқ ишлаш имкониятини беради ва бу соҳада яширин иқтисодиётнинг олдини олишга хизмат қилиши керак.

Молия вазирлиги бюджет интизомини бузган ва камомадга йўл қўйган вазирликлар рўйхатини эълон қилди

Молия вазирлиги томонидан 6 ой давомида ўтказилган 3480 та назорат тадбирларида 372,7 млрд сўмлик бюджет интизомини бузиш, пул ва товар-моддий бойликлари камомади аниқланган. Шундан энг кўп қонунбузилиш Халқ таълими, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ҳамда Автомобиль йўллари қўмитасига тўғри келмоқда.

1 сентябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

Ошаётган иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар, давлат органи ходимларининг онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, айрим спортчи-тренерларга ҳар ойлик тўлов, янги транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш талабининг бекор қилиниши ва бошқалар — 1 сентябрдан Ўзбекистон қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлади?

5 йил ичида ноқонуний олиб чиқилаётган 450 га яқин қўлёзмалар ушлаб қолинган — Божхона қўмитаси

Тошкентда Россиядан Ўзбекистонга қайтарилган ноёб 29 та қўлёзма ва 16 та сопол буюмлар Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топшириш маросими бўлиб ўтди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги 5 йил давомида божхона органлари томонидан 450 га яқин қўлёзма асарлар, ноёб танга ва бошқа осори-атиқалар ушлаб қолинган.

Умумий овқатланиш корхоналари йил охиригача ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади

Президент қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабргача умумий овқатланиш корхоналари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни, солиқ бўйича жарималарни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаши мумкин. Шунингдек, қарор билан 2023 йил 1 сентябргача туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Пандемия даврида президент сайлови: МСК махсус йўриқномани қабул қилди

МСК пандемия даврида президент сайловини ўтказишга оид махсус йўриқномани қабул қилди. Унга кўра, тана ҳарорати юқори бўлган фуқаролар сайлов участкасига киритилмайди, улар учун очиқ ҳавода кўчма сайлов қутилари ташкил қилинади. Қолаверса, яширин овоз бериш кабиналарига парда осилмайди. Сайлов бошланишидан 6 соат олдин овоз бериш бино ва хоналари дезинфекция қилинади.

Тошкентда яшил ҳудудлар улуши 26,4 фоизни ташкил этмоқда — Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкентда яшил ҳудудлар улуши 26,4 фоизни ташкил этиб, пойтахтда яшовчи ҳар бир одамга 36 кв. метрдан яшил майдон тўғри келмоқда, дея маълум қилди Жаҳонгир Ортиқхўжаев (2018 йилда 60 кв. м экани айтилган эди). Унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткични Лондон даражасига олиб чиқиш учун қарийб 1,5 млн туп «сифатли дарахтлар» экилиши керак.

Афғонистонда сайлов участкаларини очиш кўзда тутилган — ТИВ

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаштирилмоқда.

Паралимпиада-2020. Ўзбекистонлик сузувчи Ислам Асланов пара сузиш бўйича бронза медали соҳиби бўлди

Токиода бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик Ислам Асланов 100 метр масофага баттерфляй усулида сузиш бўйича бронза медалини қўлга киритди.

7 ой ичида ўтган уч йилдагидан 2,3 баробар кўп электромобиль импорт қилинди

Январь-июль ойларида Ўзбекистонга 432 та ёки ўтган йилдаги умумий кўрсаткичдан 2,3 баробар кўпроқ электромобиль импорт қилинди. Улар асосан Хитойдан олиб кирилди.

Барча ОТМларда янги ўқув йили анъанавий (оффлайн) шаклда бошланади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ОТМларда янги ўқув йили бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари учун анъанавий шаклда бошланишини маълум қилди.

Уй-жойларни сотиб олиш учун бошланғич бадал квартира қийматининг камида 15 фоизи этиб белгиланди

Ҳукумат қарорига мувофиқ, уй-жой олиш ёки якка тартибдаги уй-жойлар учун субсидияларни тўлаш муддати 2021 йил 1 декабргача узайтирилди. Уй-жойларни сотиб олиш учун бошланғич бадал квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдор этиб белгиланди.

Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчиларни қабул қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Руминия, Польша, Тожикистон, Швейцария ва Германиянинг Ўзбекистондаги янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Тошкент архитектура институтига янги ректор тайинланди

Ҳукумат қарори билан Эржан Кахя Тошкент архитектура-қурилиш институтига ректор этиб тайинланди.

115 нафар қатағон қурбонлари номлари оқланди — Олий суд

6 та жиноят иши бўйича реабилитация қилинмай қолиб кетган 115 нафар қатағон қурбонлари оқланди.

Ўзбекистон президенти Покистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистон ташқи ишлар вазири Маҳмуд Қурайшийни қабул қилди. Учрашувда Афғонистондаги вазият ривожига алоҳида эътибор қаратилди.

Польша президенти фуқароларни Ўзбекистон орқали эвакуация қилишдаги кўмак учун миннатдорчилик билдирди

Польша президенти Анжей Дуда телефон орқали мулоқотда фуқароларни Ўзбекистон ҳудуди орқали эвакация қилишдаги кўмак учун президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иқтисодий лойиҳалари ва мамлакатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичлари

Афғонистон Ўзбекистон учун энг йирик савдо бозорларидан бири ҳисобланади. 2020 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 779 млн долларни, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида — 351,9 млн долларни ташкил қилган. «Газета.uz» икки давлат ўртасидаги импорт ва экспорт таркиби ҳамда Ўзбекистоннинг Афғонистондаги лойиҳалари ҳақида маълумотлар тақдим этади.