Реабилитация қилинмай қолиб кетган 115 нафар қатағон қурбонлари жами 6 та жиноят иши бўйича оқланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, президентнинг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ва қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.

Йўл харитасининг 10-бандида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланган.

Шу муносабат билан қатағон қурбонларининг реабилитацияси бўйича масала ўрганиб чиқилган ҳамда Республика ишчи гуруҳига таклифлар кўриб чиқиш учун юборилган.

Олий судга 24 февраль куни 115 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган.

Мазкур жиноят ишларида суд мажлиси баённомаси ёки суд ҳужжатлари (ҳукм ёки бошқача қарор) мавжуд эмаслиги, ишларда фақатгина ОГПУнинг учлик мажлиси баённомасидан кўчирма борлиги аниқланган. Жумладан:

1. Носирхон тўра (Насырхан Тюря Саид Камальхон Тюряев) ва бошқаларга оид (92 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан.

1930 йил 27 октябрдаги суддан ташқари ОГПУнинг учлик мажлиси баённомаси кўчирмасига кўра:

  • Мансурбай Ширгазиев, Мат Ибрагим Урунбаев, Джурабай Кары Мир Исхаков, Тохтасун Балтабаев, Хамра Ходжа Малля Ходжаев, Аббасхан Кары Азиз Ходжаев, Халмирза Умурзаков, Ходжибай Абдубаев, Акрамхан Тюря Малля Ходжаев, Мухамадиев Ахмадша, Хасанбай Рустамов, Абду Гани Садыкбаев — Ўзбекистон ССР ЖКнинг 78, 14−78 ва 67-моддалари билан отиб ташланган.
  • Абдужалил Маматшаев, Мулла Фазыль Бабамухамедов, Мулла Нугман Каримов, Мулла Сабит Ташматов, Мадат Бабакулов, Раимбай Урумбаев, Мулла Усман Кары Дадабаев, Юлдашев Мулла Таджибай — 10 йил муддатга концлагерда озодликдан маҳрум қилинган;
  • Мулла Исраил Садыкбаев, Мама Закир Шукурбаев, Мулла Турды Аширматов, Абдухалил Абдуразаков, Мухамед Садык Махмудбаев, Алляхан Абдулла Ходжаев — 8 йил муддатга концлагерда озодликдан маҳрум қилинган;
  • Хасан Хан Насырхан Тюряев, Абдулла Кары Катта Шейхов — 6 йил муддатга концлагерда озодликдан маҳрум қилинган;
  • Курбанбай Юсупбаев, Мулла Джурабай Бачебаев, Имам Али Касымбаев, Мамед Али Саид Муратов, Ахмед Али Саид Муратов, Дамулладжан Абулкасымов, Мулла Алихан Азизбаев, Абдул Ахад Нишанбаев, Сайдулла Максудов, Дада Ходжа Аппак Ходжаев, Мат Ибрагим Баратбаев, Мулла Абдулхай Кары Дадабаев, Зикрия Ходжа Акрамханов, Абдухалык Абдугафаров — 5 йил муддатга концлагерда озодликдан маҳрум қилинган;
  • Ходжам Берды Мадаминов, Каримбай Саидбаев, Рахматулла Абду Вахабов, Аскар Али Абдувахабов, Абдурахман Тапильдыбаев, Мухамедша Каноатшаев, Тюрябай Кадыркулов, Хашимбай Хакимбаев, Мамарасуль Тюрябаев, Ата Мирза Абдурахимов, Мулла Абдукадыр Мамад Каримов, Пайзыбай Усманов, Саидбай Устабабаев, Нуретдин Кары Асадуллаев, Мулла Аскар Назарматов, Сайфетдин Кары Абдужалилов, Бахрам Максудов, Инамджан Кары Мухамед Аминов, Абдулладжан Кары Мадраимов, Мулла Ахмад Али Абду Фаттахов, Балтабай Уразалиев, Мулла Мумин Рустамов — 3 йил муддатга концлагерда озодликдан маҳрум қилинган;
  • Исакджан Алибаев, Исаметдин Ходжи Нурмамедов, Мулла Мамаджан Карабаев — 2 йил муддатга концлагерда озодликдан маҳрум қилинган;
  • Нур Мухамед Устабабаев, Барат Узакбаев, Абдулладжан Мадали Ходжаев, Дада Мирза Абдувахидов, Муетдинхан Шаидхан Ходжаев, Исанбай Уразбаев — 1 йил муддатга концлагерда озодликдан маҳрум қилинган;
  • Ходжихан Мулла Каримбаев, Дададжан Абул Касымов, Имамхан Мумин Ходжаев, Баба Мухамед Дададжанов, Шукурбай Шир Алиев, Абдулла Бай Мансурбаев, Халмамад Устабабаев, Илмиямин Юсупбаев, Узакбай Лолакариев, Акбар Ходжи Абду Вахабов — Ўзбекистон ССР ЖКнинг 58, 67, 78, 14−78-моддалари билан уларнинг ОГПУ учлик мажлисига қадар қамоқда сақланган вақтини ҳисобга олиб қамоқдан озод қилинганлар.

Мавжуд иш материалларидан аниқланишича, ушбу жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар ҳибсга олингач, дастлаб айбловни инкор қилиб келган бўлса-да, сўнг тайзиқлар остида айбларига иқрорлик билдириб кўрсатув берганликлари сўроқ баённомасида ўз ифодасини топган, уларнинг ўртасида юзлаштириш ўтказилмасдан, фақат берган кўрсатувлари ишга тикилган.

2. Ибрагимбек Чакабаев ва бошқаларга оид (16 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан.

ОГПУнинг 1932 йил 13 апрелдаги баённомасидан кўчирма мавжуд. Бироқ ОГПУнинг ҳукми мавжуд эмас: 1932 йил 13 апрелда Ибрагим бек Чакабаев, Абдукаюм Парваначи Улаев, Ишан Исахан Мансурханов, Алимардон Датхо Мухамедов, Сулайман Салахутдинов, Кур Артык Аширов, Мулла Нияз Парваначи Хакимов, Мулла Ахмад Бий Саидов, Ташмат Ходжа Бердиев, Азим Марка Астанакулов, Куганбек Ширалиев, Шахасан Иманкулов, Мирзакаюм Черов, Куган Кенджаев, Алят Палван Илъмирзаев, Ишан Палван Бахадур Задега оид жиноят иши ОГПУ томонидан кўриб чиқилиб, отиб ўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмаган, жиноят ишида суд ҳукми ёки баённомаси мавжуд эмас.

3. Терегулов Осман Игматулович ва бошқаларга оид (4 нафар шахсга нисбатан) жиноят иши юзасидан.

  • Маъмурий сургун қилиш Комиссиясининг 1922 йил 5 мартдаги қарорига кўра, Терегулов Осман Игматулович, Юнгеров Александр Васильевич, Муратов Искандар Исхакович ва Гайнулин Загидлулла Гайдулоевич ЖК 60-моддасига асосан айбдор деб топилишиб, О. Терегулов — 3 йил концлагерда, А. Юнгеров 2 йил концлагерда жазо ўташи белгиланган;
  • И. Муратов ва З. Гайнулин жавобгарликдан озод қилиниб, Туркистон, Башкирия, Татаристон ва Кавказ Республикаларида яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган;
  • Хоразм Республикаси фавқулотдаги сессияси Олий Революция Трибунали томонидан 1922 йил 18 ноябрь куни ЖК 40-моддасига асосан Терегулов Осман Игматулович, Юнгеров Александр Васильевич, Муратов Искандар Исхакович ва Гайнулин Загидлулла Гайдулоевич отишга ҳукм қилинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари алоҳида иш юритувга ажратилган.

4. Даминов Латифга оид жиноят иши юзасидан.

СССР Олий суд ҳарбий ҳайъати сайёр судининг 1938 йил 15 октябрдаги ҳукмига кўра, Л. Даминов — отишга ҳукм қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.

1938 йил 15 октябрдаги маълумотномага кўра, Даминов Латифни отиш ҳақидаги ҳукм ижроси амалга оширилганлиги кўрсатилган.

5. Султанов Гафурга оид жиноят иши юзасидан.

1930 йил 27 октябрдаги Марказий Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Мухтор вакили қошидаги Учлик кенгаши қарори билан Ўзбекистон ССР ЖК 58-модда 2-қисми (қуролли тўдалар, совет ҳудудига қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда бостириб келиши) ва 59-модда 3-қисми (Чет эл давлатлари билан аксилинқилобий мақсадларда алоқада бўлиш) бўйича айбдор деб топилган ва отувга ҳукм қилинган.

6. Кирамов Кивамга оид жиноят иши юзасидан.

СССР Олий суди ҳарбий ҳайъатининг 1938 йил 9 октябрдаги ҳукмига кўра, ЖК 58,64 ва 67-моддалари билан К. Кирамов отувга ҳукм қилиниб, барча мол-мулки мусодара қилинган.

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан тегишли тартибда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протестлар келтирилган.

25 август куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, келтирилган протестлар қаноатлантирилди ва ЖПКнинг 83-моддасига (Реабилитация учун асослар) асосан 115 киши оқланди.