Афғонистонда яшаётган ва меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг президент сайловида овоз беришини ташкиллаштириш учун сайлов участкалари очилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда 25 август куни Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Дарҳақиқат қўшнимиз Афғонистонда вазият мураккаблигича қоляпти. Лекин, шуни айтиб ўтмоқчи эдимки, Қобул шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналаримиз ўз фаолиятини давом эттиряпти. Шундан келиб чиққан ҳолда албатта бу ваколатхоналарда тегишли сайлов участкаларини очиш кўзда тутилган», — деди Фарҳод Арзиев.

Аввалроқ, «Газета.uz» ТИВга таяниб, чет элда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг президент сайловида қатнашиши учун 49 та давлатда 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилиши ҳақида хабар қилганди.

«Толибон» ҳаракати АҚШ ва унинг иттифоқчилари республикадан қўшинлар олиб чиқилишини эълон қилганидан сўнг Афғонистон ҳудудининг кўп қисмини эгаллаб олди. 34 вилоятдан қаршиликлар фақат Панжшерда давом этмоқда, у ерда қўмондон Аҳмад Масъуд ҳимояни ушлаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги сиёсий вазиятнинг кескинлашуви, ҳокимият тепасига «Толибон» келиши билан кўплаб давлатлар афғон юртидан ўзининг дипломатик вакилларини эвакуация қилишга ўтди. Бироқ, 15 август куни Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуф Кабулжанов «Газета.uz»га Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси ва Мозори Шарифдаги консуллиги фаолиятини давом эттираётганини ва ходимлар ҳали эвакуация қилинмаганини маълум қилганди.