25 август куни «Умумий овқатланиш ва туризм соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан:

  • 2021 йил 31 декабргача умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;
  • 2023 йил 1 сентябргача туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Ҳужжатга асосан умумий овқатланиш корхоналари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, солиқ органларини хабардор қилган ҳолда тегишли солиқ ва йиғимлар бўйича 2021 йил 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни, шунингдек, барча солиқлар бўйича жарима ва пеняларни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаши мумкин.

Шунингдек, қарор билан тижорат банкларининг умумий овқатланиш соҳасида хизмат кўрсатувчи мижозларини молиявий соғломлаштириш учун банк хизматларининг турли хил инструментларидан фойдаланиб, улар қўшимча қўллаб-қувватланади.

Молия вазирлиги бир ой муддатда мазкур қарордан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.