25 август куни Халқаро ислом академиясида Россиядан Ўзбекистонга қайтарилган ноёб тарихий-маданий бойликларни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

«Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига асосан маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини давлат томонидан тартибга солиш Маданият вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон учун маданий аҳамиятга эга бўлган 29 та қўлёзма ва 16 та сопол буюм 2016 йилда қонунбузар томонидан яширинча олиб чиқиб кетилган. Мазкур ашёлардан 9 дона қўлёзма ва китоблар араб, форс ва туркий тилларда ёзилган диний матнлар ва шеърий асарлар бўлиб, тахминан 1644−1880 йиллар даврида яратилган. 16 дона сопол буюмдан 3 таси эса ўрта асрлар ва янги даврдаги (XV-XVII асрлар) Самарқанд кулолчилик мактабига мансуб.

Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ўткиржон Кодиров, сўнгги 5 йил давомида республика божхона органлари томонидан 450 га яқин қўлёзма асарлар, ноёб танга ва бошқа осори-атиқалар ушлаб қолинганини маълум қилди.