25 август куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Руминия элчиси Даниель Кристиан Чобану, Польша элчиси Радослав Грук, Тожикистон элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Швейцария элчиси Константин Оболенский ва Германия элчиси Тило Клиннердан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

«Давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклади ва мамлакатнинг „очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари“ ҳақида гапирди», дейилади хабарда.

Ўзбекистон етакчиси Афғонистондаги вазият ривожи билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Бугун ушбу мамлакатда рўй бераётган воқеалар бутун халқаро ҳамжамиятда ташвиш уйғотаётгани таъкидланди. Ўзбекистон афғон инқирозини тез фурсатда тартибга солишга кўмаклашиш учун муҳим ташаббусларни илгари сураётгани ва зарур саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани қайд этилди.