Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 24 август куни президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пойтахтдаги экологик вазият ҳақида ҳисобот берди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, февралда ОАВда Тошкентнинг қуриб бораётгани ҳақидаги мақолалар эълон қилинганидан сўнг бош вазир Абдулла Ариповга пойтахнинг аэрофототасвирини амалга оширишни таклиф қилган.

«1200 метр баландликда Геокадастр (ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги — таҳр.) билан биргаликда хатолик эҳтимоли 10 см бўлган аэрофототасвирни амалга оширдик», — деди ҳоким.

Унинг таъкидлашича, хлорофилл, RGB, инфрақизил нурлари орқали яшилликлар аниқлаштирилган. (Хлорофилл — баргларга яшил ранг берадиган табиий пигмент). Ўлчашлар инфрақизил диапазонда олиб борилади -хлорофилл қизил нурда порлайди.)

«Тошкентда яшиллик улуши 26,4 фоизни ташкил қилди. Бу — аниқ рақам. Яъни Тошкентда яшайдиган ҳар бир одамга 36 кв. метрдан яшил ҳудуд тўғри келмоқда. Лекин айрим ҳудудларда ҳаддан ташқари кўп, масалан, Бектемир туманимизда одам сони кам бўлгани учун 144 кв. метрдан тўғри келмоқда, бир хил жойларда аҳоли зич бўлгани учун камроқ», — деди ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Миробод, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларида тезкорлик билан яшилликни кўпайтириш лозимлигини қайд этди.

Унинг қўшимча қилишича, Европа космик агентлигининг Ерни масофадан зондлаш Sentinel-2 сунъий йўлдошидан (2015 йилда учирилган) фойдаланиш учун 60 минг долларлик шартнома имзоланган.

«Пулини ўтказганмиз. 12 кун бўлди. 50 кун ичида улар Тошкентнинг қайси қисмида сув қанча миқдорда „қочган“, қаерга қандай дарахт экиш керак, қаерда қандай шамол эсади, қайси дарахт чидамли — ҳаммасини кўрсатиб беришади. 38 кундан кейин асосий нуқтаси келиб чиқади», — деди у.

Дастлабки тасвирларга таянган ҳолда Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳудудининг 47,5 фоизи яшиллик билан қопланган дунёдаги энг яшил шаҳарлардан бири — Лондон даражасига етиш учун 37,5 миллион кв. м яшиллик ўтқазилиши (дарахт ва бута, майсазорлардан ташқари) кераклигини маълум қилди.

«Агар ҳар 25 метрга битта сифатли дарахт олсак, 1,47 миллион туп кўчат экиш керак бўлади», — деди у.

Ҳоким сув сатҳи тушиб кетганлиги сабабли айрим мавжуд қудуқлар ишлама қолганини тан олди.

«Шу харитага асосланиб ўзимизга 1600 та қудуқ қазишни белгилаб олдик. Ҳозир 60 тасини қазиб бўлдик. Мен вилоят ҳокимларидан илтимос қилмоқчи эдим, республикада қаерда қазиш аппаратлари бўлса, Тошкентга қазишга ёрдам берса, биз маҳаллий бюджетдан тўлаб беришга имкониятларимиз бор», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкент Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юнусов ҳар бир тошкентликка 60 кв. м яшиллик тўғри келишини маълум қилган эди.

Аввал хабар қилганимиздек, йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда кўп сув талаб қиладиган жуда кўп арча ва газонлар борлигини таъкидлаган эди. У ҳар бир кўча кесимида дарахт ўтқазиш тартибларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бино ва иншоот эгаларига дарахтларни бириктириш тизимини жорий этишни топширди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари кузда 55 млн, келгуси йил баҳор мавсумида 70 млн туп тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилади. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 млн туп мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экишни топширди.

Шунингдек, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилади. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши маълум қилинди.