Президент Шавкат Мирзиёев 23 август куни «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида"ги қонунни имзолади, дея хабар бермоқда «Huquqiy axborot» Telegram-канали. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 27 апрелда қабул қилинган ва Сенат томонидан 29 майда маъқулланган. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Қонун ҳақида Сенат матбуот хизмати май ойида хабар берган эди. Қонун мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Бу эса соҳада хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишда ҳам муҳим омил бўлади. Қолаверса, ушбу ҳужжат заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш тизимини, шунингдек, уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда такомиллаштиришга ҳам йўналтирилган. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларнинг асиллик даражасини аниқлаш ва тамғалаш масалалари ҳам қонунда батафсил ўз ифодасини топган. Шунингдек, қонун хусусий секторнинг қимматбаҳо металлар айланмасида ўз фаолиятини очиқ, шаффоф олиб боришига имконият яратади.

Қонунга кўра, таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи жисмоний ҳамда юридик шахсларда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан бериладиган тегишли рухсатнома олган пайтдан юзага келади.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи тугаганидан кейин уларни рекультивация қилиш ҳамда келгусида фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш юзасидан чоралар кўриш шарт.

Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган ер қаъри участкалари Ўзбекистон мулкидир, улардан оқилона фойдаланиш лозим ва улар давлат муҳофазасидадир.

Қонунга кўра, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш бу бўйича тегишли рухсатнома олган жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Рухсатнома электрон аукцион натижаларидан келиб чиқиб Ўзбекистон фуқароларига ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахсларга Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

Қазиб олинган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни яшириш ушбу фаолиятни амалга ошириш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш учун асос бўлади.

Шунингдек, қимматбаҳо металларни аффинаж қилиш бўйича фаолият аффинаж корхоналари томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ясаш бўйича фаолият хабардор қилиш тартиби асосида амалга оширилади.

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қазиб олинаётганда, ишлаб чиқарилаётганда, улардан фойдаланилаётганда ҳамда улар реализация қилинаётганда ҳисобга олиниши шарт.

2020 йилнинг октябрь ойида сенаторлар қонуннинг айрим моддалари талабларга мос келмаслиги сабабли рад этишган эди.

2018 йили ноябрь ойида президент 2019 йил 1 мартдан бошлаб қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.