Ижтимоий тармоқларда, Қашқадарё вилояти Қарши тумани 6-мактаб директори Ф.А. мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Уларда мактаб директори агар ўқитувчилар ишламаса, дарс бермайман, деб, таҳдид ҳам қилаётгани ҳам айтилмоқда.

Daryo хабарига кўра, мажбурий меҳнат ишларига 40 нафарга яқин эркак ўқитувчи ва 10−15 нафар аёл ўқитувчи жалб этилган, улар орасида пенсия ёшига етиб қолган, оғир меҳнатдан толиқиб қоладиган ўқитувчилар ҳам борлиги, аммо директор бунга эътибор ҳам бермаётганини айтилган.

Мазкур ҳолат бўйича «Адолат СДП» Қарши туман Кенгаш раиси Юлдуз Муҳаммадиева расмий муносабат билдирди. Унга кўра, Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли масъул мутасаддилар иштирокида ўрганилган.

Партия қайд этишига кўра, 21-август куни Халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясидан сўнг, тумандаги 6-умумий ўрта таълим мактаби директори Ф.А. Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармасининг хати ҳамда депутатларнинг таклифлари инобатга олиниб, лавозимидан озод этилишига розилик берилди.

«Шунингдек, Ф.А. келгусида халқнинг хақли равишда норозилигини келтирувчи ёки депутатлик мақомига путур етказувчи ҳолатларга йўл қўйган тақдирда депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш белгиланди», — дейилади хабарда.

«Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайди», — дея партия ХТВ баёнотини келтирмоқда.

«Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатларни олдини олиш ва халқ таълими тизими ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида шикоятларни қабул қилишда қулай бўлган виртуал инспекторни ишга туширган», дейилади хабарда.