Марказий сайлов комиссиясининг 25 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишини олдини олиш бўйича Йўриқномани қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

МСК аъзоси Баҳодир Юнусов йўриқнома юзасидан маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, йўриқнома сайлов жараёнларида COVID-19 тарқалишининг олдини олиш тартибини белгилайди.

Йўриқнома 6 боб 39 банддан иборат бўлиб, сайлов жараёнида профилактик тадбирларни амалга ошириш, овоз бериш жараёнини ташкил қилиш, коронавирус инфекциясидан уй шароитида даволанаётган сайловчининг турган (яшаш) жойида овоз беришини ташкил қилиш, Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш ва сайлов округида сайлов натижаларини аниқлаш ҳамда якуний қоидалардан иборат.

Фото: МСК матбуот хизмати.

Йўриқномага мувофиқ сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида сайлов комиссияси аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари: ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометр; ҳимоя ниқоби; бир марталик тиббий қўлқоп (сайлов комиссияси аъзолари учун); антисептик суюқлик (санитайзер) каби ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланишлари талаб этилиши белгиланмоқда.

«Шунингдек, сайлов жараёни иштирокчилари ҳимоя ниқобларидан фойдаланиши; қўл бериб саломлашиш ёки тўғридан-тўғри контактга киришишнинг бошқа шаклларидан сақланиши; ижтимоий масофага риоя қилишлари лозим», — деди МСК аъзоси.

Қолаверса, округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг кириш қисмида ва овоз бериш хонасида ижтимоий масофани сақлаш учун 1,5−2 метр оралиқ масофани белгиловчи ҳамда ҳаракатланиш йўналишини кўрсатувчи чизиқлар бўлиши лозимлиги айтилди.

«Овоз бериш биносининг кириш қисмида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тавсиялар акс этган плакатлар жойлаштирилади. Плакат экранда намойиш этилади. Округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларга бириктирилган тиббиёт ходими сайлов комиссиялари биноларининг кириш қисмида ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини ўлчайди, антисептик восита билан қўлларини дезинфекция қилади ва ҳимоя ниқобида бўлишини назорат қилади, заруратига кўра ҳимоя ниқоби беради», — деди Баҳодир Юнусов.

Участка сайлов комиссиялари аъзолари ҳимоя воситаларидан фойдаланиши шартлиги таъкидланди.

«Участка сайлов комиссиялари аъзолари иш фаолиятини амалга оширишида шахсий ҳимоя воситалари (ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар)дан фойдаланишлари шарт. Овоз бериш куни участка сайлов комиссияси аъзолари юзларини ҳимоя қилишлари учун пластмассали ниқоблардан фойдаланиши тавсия этилади», — деди МСК вакили.

Бинолар ва хоналарнинг дезинфекция қилиниши, шунингдек уларда эпидемияга қарши кураш тадбирларини амалга ошириш эса ССВ ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари томонидан таъминланади.

«Сайлов куни овоз бериш бошланишидан камида олти соат олдин барча участка сайлов комиссияларининг овоз бериш бинолари ва хоналари дезинфекция қилиниши лозим», — деди у.

Йўриқномага асосан сайлов участкаси «қизил» ёки «сариқ» ҳудудга тўғри келган тақдирда комиссия аъзолари иш фаолияти давомида мажбурий фойдаланиши учун ҳимоя воситалари билан таъминланиши белгиланмоқда. Унга кўра тааллуқлилиги бўйича: махсус комбинезонлар, халатлар; нафас олиш тизимини ҳимоя қилиш учун — тиббий ниқоб; кўриш аъзоларини ҳимоя қилиш учун — юз учун пластмассали ниқоб; қўлларни ҳимоя қилиш учун — тиббий қўлқоп; қўл ва юз терисини дезинфекцияловчи воситалар, эритмалар, таркибида хлор ва спирт бўлган маҳсулотлар.

«Шахсий ҳимоя воситалари ва бошқа зарур буюмлар округ сайлов комиссияларига сайловга камида 15 кун қолганида, участка сайлов комиссияларига сайловга камида 13 кун қолганида етказиб берилади», — дея ишонтирди Баҳодир Юнусов.

Округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига коронавирус инфекциясига қарши эмланишлари учун зарур шароит яратилади. «Тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори бўлган комиссия аъзолари (раис, раис ўринбосари, котиб ва бошқа аъзолар) вақтинча иш фаолиятидан четлатилади ва коронавирус инфекциясига навбатсиз лаборатория текширувидан ўтказилади. Бунда, комиссия аъзосига бир иш куни ичида ПЗР тест таҳлили натижаси тақдим этилиши керак», — деди у.

Фото: МСК матбуот хизмати.

Сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори бўлган тақдирда улар овоз бериш хонасига киритилмайди. Бунда, тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори бўлган сайловчилар учун алоҳида ажратилган жойларда (бинонинг кириш қисми ва бошқалар) икки нафар участка сайлов комиссияси аъзоси ҳозирлигида кўчма сайлов қутилари ва кабиналаридан фойдаланган ҳолда яширин овоз бериш ҳуқуқи таъминланади.

«Овоз бериш биносига киргач сайловчи ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг тегишли варағини очади ва комиссия аъзосининг ушбу ҳужжат билан контактсиз танишишига имкон яратади. Заруратга кўра, сайловчининг шахсини аниқлаш мақсадида участка сайлов комиссияси аъзоси сайловчига қисқа муддатга ҳимоя ниқобини очиб юзини кўрсатишини сўраши мумкин», — деди МСК аъзоси.

Яширин овоз бериш кабиналарига парда осилмайди. Овоз беришни ташкил қилиш учун кўчма овоз бериш кабиналаридан ҳам фойдаланилади.

Сайловчига яширин овоз бериш кабинасида бир дақиқадан ортиқ бўлмаслиги тавсия этилади.

Коронавирус инфекциясидан уй шароитида даволанаётган сайловчининг турган (яшаш) жойида овоз беришини ташкил этишда участка сайлов комиссияси сайловчи учун алоҳида ҳимоя воситалари тўпламини тайёрланади.

Целлофан пакетга солинган тўпламда қуйидагилар бўлиши керак:

  • тиббий ниқоб;
  • тиббий қўлқоп;
  • участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси томонидан имзоланган, муҳр билан тасдиқланган сайлов бюллетени.

Участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси шахсий ҳимоя воситалари билан ҳимояланган ҳолда кўчма сайлов қутисини дезинфекциялаб, сайловчининг турган жойига боради.

«Сайловчи ва комиссия аъзолари ўртасида ижтимоий масофа сақланган ҳолда сайловчининг шахси аниқланади, сўнг комиссия аъзоси сайловчига целлофан пакетга солинган тўпламни ва имзо қўйиши учун сайловчилар рўйхатидан кўчирмани беради. Сайловчи ниқоб ва қўлқопни таққан ҳолда сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхати кўчирмасига имзо қўяди. Сайловчига яширин овоз бериш ҳуқуқи таъминланади. Шундан сўнг, сайловчи сайлов бюллетенини кўчма сайлов қутисига ташлайди», — деди Баҳодир Юнусов.

Овоз бериш амалга оширилганидан сўнг комиссия аъзоси кўчма сайлов қутисининг қисмларини (юза, ён ва дастак) дезинфекциялайди. Унинг сўзларига кўра, «бу вақтда ҳозир бўлган кузатувчилар ва ОАВ вакиллари шахсий ҳимоя воситалари билан ҳимояланган бўлиши шарт».

Коронавирус инфекциясидан стационар даволаш муассасаларида даволанаётганлар ва ушбу масканларнинг ишчи-ходими бўлган сайловчиларнинг овоз беришини ташкил этиш учун ушбу муассасаларда сайлов участкалари тузилиши мумкин. Яширин овоз беришни ташкил қилиш учун ушбу тоифадаги биноларда кўчма овоз бериш кабиналаридан фойдаланилади.
Ушбу муассасаларда ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш мазкур муассасаларнинг ички тартиб-қоидаларига ҳамда Ўзбекистон Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган (0372−20-сон) талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилади.

Барча овоз бериш биноларида овозларни санаб чиқишда дастлаб комиссия аъзолари қўлларини ва овоз бериш қутилари дезинфекция қиладилар, сўнгра санаш жараёнини ижтимоий масофа сақланган ҳолда амалга оширади, бунда ҳозир бўлган сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам тиббий ниқобдан фойдаланишлари ва ижтимоий масофага риоя қилишлари керак.

Овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича баённомани тўлдиришда участка сайлов комиссиясининг аъзоларига алоҳида-алоҳида ручкалардан фойдаланиш тавсия этилади.

Овоз бериш натижалари чиқарилгандан сўнг сайлов комиссияси аъзолари шахсий ҳимоя воситаларини ечади ва утилизация қилиш учун махсус идишга ташлайди.

Йўриқнома ССВ билан келишилган. МСК йиғилиши якунида мазкур Йўриқномани қабул қилинди.