Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида бюджет интизомига риоя этилиши ва буджет маблағларнинг мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, ўтказилган 3480 та назорат тадбирларида 372,7 млрд сўм миқдорида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланган. Шундан 313,7 млрд сўми буджетга қайтарилиши таъминланган.

Ҳисобот даврида бюджет ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича аниқланган молиявий қонун бузилиш ҳолатлари 120,1 млрд сўмни, шундан нақд пул маблағларини ўзлаштириш ва камомадларга йўл қўйиш ҳолатлари 25,4 млрд сўмни ташкил этган.


Ярим йил ичида вазирликлар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар қуйидагиларни ташкил этди:

Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 455 та назорат тадбирларининг 336 тасида 65,2 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йилнинг мос даврига (21,5 млрд сўм) нисбатан 3 мартага ошган.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тизимида ўтказилган 117 та назорат тадбирининг 96 тасида 59,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган (2020 йилнинг 1-ярим йилида 981 млн сўм).

Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 454 та назорат тадбирларининг 368 тасида 59,2 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йилнинг мос даврига (7 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 8,5 мартага ошган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 514 та назорат тадбирларининг 390 тасида 41,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йилнинг мос даврига (14,1 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,9 мартага ошган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 136 та назорат тадбирларининг 129 тасида 24,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган (2020 йилнинг 1-ярим йилида 903 млн сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган).

Шунингдек, молиявий қонунбузишлар қуйидагиларда ҳам аниқланган:

  • Сув хўжалиги вазирлиги — 6,8 млрд сўм;
  • Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (ҳозирги Туризм ва спорт вазирлиги) — 6,4 млрд сўм;
  • Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги- 5,2 млрд сўм;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазилиги — 4,5 млрд сўм;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги — 4,2 млрд сўм;
  • Мудофаа вазирлиги — 3,2 млрд сўм;
  • Маданият вазирлиги — 2,6 млрд сўм;
  • Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси- 4,7 млрд сўм;
  • Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси — 4,4 млрд.сўм;
  • Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси — 3,1 млрд сўм.

Бундан ташқари, ҳокимиятлар (5 млрд сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (5,6 млрд сўм), ҳокимиятлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари (55,8 млрд сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Ҳисобот даврида вазирлик ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар динамикаси:

Маҳаллий бюуджетлар маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 290 млрд сўм миқдорида, жумладан Сирдарё (52,8 млрд сўм), Андижон (33,2 млрд сўм), Жиззах (28,3 млрд сўм), Тошкент (24,1 млрд сўм), Фарғона (19,6 млрд сўм), Сурхондарё (18,6 млрд сўм), Қашқадарё (15,6 млрд сўм), Самарқанд (15,5 млрд сўм), Бухоро (11 млрд сўм), Наманган (10,4 млрд сўм), Хоразм (8,7 млрд сўм), Навоий (2,1 млрд сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (21,1 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (29,1 млрд сўм) молиявий қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган.

Қолаверса, маҳаллий буджетлар маблағларини мақсадли сарфланишида ҳам қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Назорат тадбирлари давомида кўрилган чоралар натижасида жами 52,9 млрд сўм миқдоридаги бюджет маблағлари асоссиз сарфланишининг олди олинди. Бунда ташкилотларда харажатлар сметаси ва штатлар жадвалида ортиқча режалаштирилган маблағлар қисқартирилган.

Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 12 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузилиб, кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилди.

Шунингдек, 2 696 та назорат тадбирида аниқланган 369,9 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.