25 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Польша президенти Анжей Дуда билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар берди давлат раҳбати матбуот хизмати.

Етакчилар икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни, шу жумладан сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги самарали шерикликни давом эттириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Давлат раҳбарлари Афғонистондаги воқеаларнинг ривожланиши нуқтаи назаридан минтақадаги жорий вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Польша президенти фуқароларни Афғонистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали Польшага эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.

Афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни Польша ҳарбий самолёти Афғонистондан 50 кишини Навоий аэропортига эвакуация қилгани ва улар шу ердан Польшага жўнатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Аввалроқ 25 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги тайинланган бир гуруҳ элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Улар орасида Польшанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Радослав Грук ҳам бор.