Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро Сибир ярасини (куйдирги) юқтириб олгани аниқланди. Вилоят СЭС бошқармаси касаллик одамдан одамга юқмаслигини айтиб, ҳозирда эпидемиологик вазият барқарорлиги ва хавотирга ўрин йўқлигига ишонтирмоқда.
Мирзаобод туманида 18−24 ёшлар орасидаги тўрт нафар фуқаро «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти таъсирида экстремистик мазмундаги аудио-видео материалларни танишлари орасида тарғиб қилиб келганликда айбланмоқда. Суд гумондорларни айбдор деб топса, 5 йилдан 8 йилгача қамалиши мумкин.
Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари йўл инфратузилмаларини таъмирлашда қўшиб ёзиш орқали 1,5 млрд сўм маблағни талон-торож қилгани айтилмоқда. Корхона мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Гулистон шаҳрида 26 ёшли аёл ўзининг 1 ёшли фарзандини 15 минг доллар эвазига сотаётган вақтида ушлангани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, гумондор ҳибсга олинди.
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани прокурори Санжар Мавлонов Сирдарё вилояти прокурори лавозимига тайинланди.
Сирдарёда вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Дилмурод Абдурахманов тайинланди. У бунга қадар Сайхунобод туманидаги тўқимачилик кластерига раҳбарлик қилган.
Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси Тошкент вилоятида янги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ҳамда Сирдарё вилоятида яна бир ИЭС қурилишини бошлади. Туркия ва Ўзбекистон президентлари рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги ИЭСни ишга туширди ва Ховос туманидаги ИЭС қурилишини бошлаб бердилар.
Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари тадбиркордан жарима миқдорини камайтириб бериш учун 14,5 минг доллар пора олганликда айбланиб ҳибсга олинди. Шунингдек, Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ҳам пора олаётганида ушланган.
Сирдарё вилоятида икки фуқаро ижтимоий тармоқларда экстремистик ва террорчилик материалларини тарқатганликда гумон қилинмоқда. Улардан бири Telegram`да виртуал гуруҳ очиб, ақидапарастликни тарғиб қилувчи аудио ва видео материалларни жойлаштиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Президент раислигида ўтаётган видеоселекторда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан берилди. Қолаверса, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари ишдан олинди.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев қорбобо кийимида эҳтиёжманд оилалар хонадонига ташриф буюриб, бир марталик моддий ёрдам пуллари, президент табриги ва байрам совғаларини улашмоқда. Вилоятда жами 11 816 та хонадонга моддий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев Осиё тараққиёт банкининг Ховос туманининг 126 минг аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ажратилган 7 млн доллардан ортиқ кредит маблағлари талон-торож қилинганини маълум қилди.
Қибрай туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар ер майдонини 3,4 млн долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Ноқонуний равишда ер сотишга уринишлар Сирдарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ҳам қайд этилди.
Франция, Қатар ва Япониянинг «EDF, Nebras Power, Sojitz Corporation» компаниялари консорциуми Сирдарёда 1600 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуради. ИЭС 2025 йил ўрталарида ишга туширилиши режалаштирилган. Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Гулистон туманида Миллий гвардия ходимлари хонадонлардан бирида ис газидан захарланиш оқибатида карахт холда бўлган 3 нафар болани қутқариб қолди.
Қизил китобга киритилган лочинларни 280 млн сўмга сотмоқчи бўлган шахс ва харидор қўлга тушди. Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, «қушларнинг 6 нафари Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобанади». Лочинлар вақтинча Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.
Қашқадарёлик фуқаро Гулистонда беш кунлик чақалоғини 5000 доллар эвазига сотаётган вақтида қўлга олинди.
Шавкат Мирзиёев сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда Сирдарёни Тожикистон орқали водий билан боғловчи автобус йўналишлари жорий этилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу йўл қадимдан Ховосни водийдаги вилоятлар билан боғлаб турган. Ҳозирда бу йўлнинг аҳволи қониқарли ва Тожикистон томони ҳам йўл очилишига рози. «Бу режа амалга ошиши ҳар икки давлат учун ҳам манфаатли», — деди президент.
Президент Гулистондаги Янги ҳаёт маҳалласига бориб, у ердаги янги турар жойлар қурилиши билан танишди. «Камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий омиллари бошпана ва иш жойи», — деди у. Шавкат Мирзиёев халқнинг уй-жойга бўлган талаби ўсиб бораётгани ва шунга муносиб шароит яратиш лозимлигини қайд этди.
Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ўролова бир куннинг ўзида (4 октябрь) 866 туп дарахтни кесишга оид 12 та қарорни имзолади. Дарахтлар зараркунандалар ва иқлим таъсири оқибатида қуриб қолгани сабаб қилиб кўрсатилган. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ва Давлат экология қўмитаси муносабат билдирди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг