Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳрининг Янги ҳаёт маҳалласида ҳам бўлди, деб хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бу ерда 2019−2020 йилларда 14 та кўп қаватли уй қурилган. Бугунги кунда яна 7 та 9 қаватли уй қурилиши бошланган. Улардаги 504 та хонадондан 100 таси кам таъминланган оилаларга имтиёзли равишда берилади. Ёшлар меҳнат гузари, стадион, болалар майдончалари қурилади.


Шавкат Мирзиёев янги мавзеда хизматларни кўпайтириш, тадбиркорлик субъектлари ташкил этиб, бу ерда яшовчиларни иш билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

«Камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий омиллари бошпана ва иш жойи, — деди президент. — Бу мақсадлар учун катта имкониятлар бериляпти. Бу йилдан бошлаб ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмайди, деб эълон қилганмиз. Шундан фойдаланиб, тадбиркорлар иштирокида кўп уйлар қуриш мумкин».


Хабарда айтилишича, шу ернинг ўзида маҳалла нуронийлари билан ҳам мулоқот қилинган.

«Бир пайтлар Сирдарё вилояти фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган эди. Охирги йилларда замонавий саноат кириб келаяпти. Мана шундай уйлар қурилаяпти. Нима учун? Одамларда харид қобилияти бор. Энди бу ишларни тўхтатмаслигимиз керак. Чунки ёшларимиз етишиб келаяпти, халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти», — деди давлат раҳбари.

Президент шунга муносиб шароит яратиш кераклигини таъкидлаб, мутасаддиларга топшириқлар берди.