Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Тошкент, Сирдарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотишга уриниш ҳолатлари аниқланди.

Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими ҳамда Тошкент шаҳар Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамиятнинг норасмий эгаси ўзаро тил бириктириб, Қибрай тумани ҳудудида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар унумдор ер майдонини харидорга 3 млн 425 минг АҚШ долларига сотишга келишади.

ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда, гумондорлар сўралган пулдан 500 минг долларни олган вақтида ушланди.

ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ер сотиш билан боғлиқ бир нечта ноқонуний ҳолатларга чек қўйди.

Сирдарё вилоятидаги ҳолатда эса Мирзаобод туманида яшовчи, муқаддам икки маротаба фирибгарлик моддаси билан судланган шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога ҳокимиятда ишловчи танишлари орқали 20 гектар ер майдони олиб беришига ишонтиради. Бунинг эвазига ундан 70 минг АҚШ доллари сўраб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида қўлга тушди.

Гулистон шаҳрида яшовчи, маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс 23 ёшли фуқаро билан ўзаро келишиб, унинг номига боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик ташкил этиш учун ажратилган 20 гектар ер майдонини 19 минг АҚШ долларига сотишни режалаштиради. Улар сўралган пулдан 15 минг долларни аванс сифатида олганида ушланди.

Шу каби ҳолат Боёвут туманида ҳам қайд этилди. 1979 йилда туғилган фуқаро ўзганинг номидаги фермер хўжалигининг 10 гектар ер майдонини харидорга 14 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган фуқаро муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун ҳозирда озодликни чеклаш жазосини ўтаётганига қарамасдан, яна қонун бузарлик қилади.

Мазкур шахс қурилиш фирмаси вакилининг ишончига кириб, унга кўп қаватли уй-жой қуриш учун мансабдор танишлари орқали Мингбулоқ тумани марказидан 5 сотих ер майдони олиб бериш эвазига 24 минг АҚШ доллари талаб қилади.

У олдиндан 12 минг доллар ҳамда 32 млн 250 минг сўм олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланган.

Бошқа бир ҳолатда Самарқанд вилоятидаги туманлардан бирининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, 1975 йилда туғилган фуқаро билан келишган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, унга туман тиббиёт бирлашмасининг фойдаланилмаётган омборхона биносини олиб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига 10 минг АҚШ доллари сўрашгани айтилмоқда.

ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, улар олдиндан 5 минг доллар олган вақтларида қўлга тушган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.