Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг тезкор тузилмалари томонидан ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган лочинларни пуллашга уринган шахслар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги «Камаз» юк машинаси «Сирдарё» чегара божхона постида тўхтатилган. У белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, салондаги спорт сумкасига 8 бош лочинлар яширилганлиги аниқланган.

«Боз устига қушларга шафқатсизларча муносабатда бўлинган, жонзотлар сумкага уларнинг ҳаёти учун хавфли тарзда зичлаб жойлаштирилган», — дейилади хабарда.

Тезкор тадбир Сирдарё туманида давом эттирилиб, ушбу қушларни сотиб олаётган шахс ҳам қўлга олинган.

«Мазкур ҳолатда ушлаб қолинган 8 бош лочинлар Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига киритилган ва табиатан камёб ҳисобланади ҳамда уларни овлаш тақиқланган. Лочинларнинг 6 таси Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобанади», — дейилади қўмита маълумотида.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қонунбузарлар ушбу қушларни 280 млн сўмга сотишни кўзлаган.

Давлат божхона қўмитаси ҳозирда лочинлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилгани ва мутахассисларнинг доимий назорати остида парваришланаётганини қўшимча қилди.

Ҳолат юзасидан эса божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра, ҳайвонот дунёси объектларини республика ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш Давлат экология қўмитаси томонидан бериладиган махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади.