Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Ушбу лойиҳалар Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маросимда нутқ сўзлар экан, лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталди, ушбу мажмуалар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик самараларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Охирги бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга ошилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ушбу станцияларнинг умумий қуввати бугунги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда 1,4 минг мегаваттга етади.

Ўзбекистон энергетика тармоғини модернизация қилиш натижасида 2026 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 12 млрд долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши таъкидланди. Улар қўшимча 71 млрд киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини яратади, йилига 12 млрд куб метр табиий газ тежалади.

Давлат раҳбари электр станциясини бунёд этишда қатнашган муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди. Сўнг президент Шавкат Мирзиёев ва президент Режеп Таййип Эрдоған рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ва Ховос туманидаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб бердилар.

Қибрайдаги ИЭС қуввати 240 мегаватт бўлиб, йилига 2 млрд киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради.

Ховос туманидаги янги иссиқлик электр станцияси 220 мегаватт қувватга эга, унда йилига 1,7 млрд киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида президент Шавкат Мирзиёев инвесторлар билан биргаликда Сурхондарёда қуввати 1,56 ГВт ва умумий қиймати 1,2 млрд доллар бўлган ИЭС қурилишига старт берди. Кейинроқ, 25 март куни Ўзбекистон EDF, Nebras Power, Sojitz Corporation ва Kyuden International консорциуми билан Сирдарё вилоятида 1,6 ГВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик шартномасини имзолади.